АСАБ КАСАЛЛИКЛАРИ

Асаб касаллиги асосан, миянинг дам олмасдан ишлаши, тўйиб ухламаслик, кўп сиқилиш, сурункали бош оғриғидан келиб чиқади. Қанд касаллигига чалинган, қони қуюқлашган, ошқозонида 12 бармоқли ичак яраси бор кишиларнинг асаби тез издан чиқади. Стресс ҳолатида, жинсий заифликда ҳаддан ташқари кўп ўқиш ҳам мияни чарчатиб, асаб касаллигини келтириб чиқаради. Бундай беморлар кўпроқ тоғли жойларда бўлиши, ўзларига ёқадиган қўшиқлар тинглаши, дўстлари билан суҳбат қуришлари, ёмон гап-сўзлардан ўзларини олиб қочишлари, ҳар қандай кўнгилсизликлардан узоқ юришлари керак бўлади.

Табобат муолажаларидан:

  • Лимонўти, бўтакўз, исириқ гули, чойўт, газанда, боқила меваси ва мускатдан бир хил миқдорда олиб, майдалаб аралаштирилади ва бир литр қайноқ сувга бир ош қошиқ солиб икки соат усти ўраб қўйилади. Сўнг сузиб олиб, ҳар икки соатда бир пиёладан ичилади. Муолажа пайтида хом пиёз, аччиқ, шўр, сут, қатиқ, нон, хамирли овқатлар емаслик керак.
  • Қаттиқ асабийлашганда қизил лавлаги шарбатидан 0.3 стаканини уч соат давомида тиндириб қўйилади ва шунча миқдорда асал аралаштирилади. Тайёр аралашма кун давомида 2-3 марта овқатдан бир дақиқа олдин истеъмол қилинади.
  • Доривор валериана томирини пўлат пичоқ билан яхшилаб қирқиб майдаланади ва шиша идишга солиб, устига ароқ ёки спирт қуйилиб, тўққиз кун қоронғи жойда сақланади. Сўнгра валериана томири сиқиб олинади ва спиртли аралашма тиндириб қўйилади. Докадан сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин 15-30 томчидан асаб бузилганда, жазава тутганда, томир тортишиши, тиришиш ва тутқаноқда ичилади.
  • Ойболдирғоннинг қуритилган томиридан икки сиқимини уч литр сувга солинади ва 15 дақиқа қайнатилади. Икки соат тиндириб, ваннага қуйилади. Уч ҳафта давомида кунора шу сувда ванна қабул қилинади. Айни вақтда ўсимлик томири дамламасидан ичиш керак. Дамлама тайёрлаш учун майдаланган ойболдирғон томиридан икки чой қошиғини икки стакан қайноқ сувга солинади ва сув буғида ярим соат олдин ярим стакандан 3-4 маҳал асаблар зўриққанда ичилади.
  • Доривор валериана илдизи ва илдизпоясидан ҳамда укроп уруғидан тенг миқдорда олиб, икки чой қошиғини ярим литр қайноқ сувга солинади ва 7-10 дақиқа паст оловда қайнатилади. Сўнгра сузиб олиб, ярим-бир соат тиндириб қўйилади. Эрталаб ва кечқурун бир стакандан қаттиқ асабийлашганда ичилади.
  • Неврастенияда чакамуғни чой ўрнида ичиб турилса, тинчлантирувчи таъсир кўрсатади. Бунинг учун бир чой қошиқ майдаланган чакамуғни (гули билан) бир стакан қайноқ сувга солиб, 15-20 дақиқа тиндириб ўраб қўйилади. Кун давомида оз-оздан қултумлаб ичилади. Чакамуғ шарбати ҳам шундай таъсирга эга. Кунига уч маҳал бир чой қошиқдан сув билан ичилади.
  • Зирк пўстлоғи ёки илдизидан 30 г ини бир стакан қайноқ сувга солинади ва 15 дақиқа паст оловда қайнатилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичилади.
  • Оддий бодрезак меваларидан беш ош қошиғини қирғичдан ўтказилади ва уч стакан қайноқ сув қуйиб аралаштирилади. Тўрт соат тиндириб, сузиб олинади ва кунига 4-6 маҳал овқатдан олдин ярим стакандан тинчлантирувчи восита сифатида ичилади.
  • Арслонқуйруқ ўтидан бир-икки ош қошиғини бир стакан қайноқ сувга солиб, совигунча ўраб, тиндириб қўйилади ва сузиб олинади. Кунига 3-5 марта овқатдан 20 дақиқа олдин 1-2 ош қошиқдан қабул қилинади.
  • Қайиннинг баҳорги баргларидан 100 г олиб майдаланади ва устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Беш-олти соат қўйилади. Сузиб, барглар сиқиб олинади ва яна тиндириб, сўнгра бошқа идишга қуйилади. Кунига 2-3 марта ярим стакандан овқатдан олдин ичилади.
  • Доривор валериананинг майдаланган илдизидан бир ош қошиғи устига қайнатиб совитилган сувдан бир стакан қуйилади ва 6-8 соат тиндириб қўйилади. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан (болалар – бир чой қошиқдан) ичилади.