БАЧАДОН КАСАЛЛИГИ

Табобат муолажаларидан:

  • Бўйимодарон ўтидан икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб, уч қисмга бўлиб, овқатдан бир соат олдин бачадон яллиғланганда ичилади.
  • 75 г дан тоғрайҳон, тирноқгул ва гулсафсар илдизидан олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб, кунига тўрт маҳал овқатдан бир соат олдин 150 г дан ичилади. Даволаниш даврида жинсий яқинлик таъқиқланади.
  • Қорақанд баргларидан тайёрланган спиртли дамлама бачадон яллиғланишига қарши даво бўлиши билан бирга, қон кетишини тўхтатади, бачадон мушакларини қисқартиради. Қон томирларини торайтиради, қон оқишини тезлаштиради. Кунига уч маҳал овқатдан олдин икки ош қошиқдан ичиш тавсия этилади. Ибн Сино қорақандни қўйиб боғласа, иссиқ шишларга фойда қилади дейди.
  • Тенг миқдорда тиллабош, қашқарбеда ўтлари ва кўка гулидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Кунига олти маҳал 0,3 стакандан 3-4 ҳафта давомида ичилади.
  • 50 г шувоқ баргидан, 100 г жағ-жағ ўтидан олиб шиша идишга солинади ва устига бир литр оқ ўткир вино қуйиб, ўн кун қоронғи ва иссиқ жойда сақланади. Вақти-вақти билан идиш силкитиб турилади. Сўнгра сузиб, кунига 4-5 маҳал бир ош қошиқдан ичилса, бачадон шамоллашига шифо бўлади.
  • Ибн Сино петрушкани сийдик ҳайдовчи, аёлларда ҳайз келтирувчи ва бачадонни тозаловчи дори сифатида қўллаган. Петрушка мевасидан ярим чой қошиқ олиб, устига икки стакан қайнатиб совитилган сув қуйиб, саккиз соат қўйилади. Докада сузиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичиб турилади.
  • Ровочнинг илдизи ва мевасидан 20 г олиб, устига бир стакан сув қуйиб, беш дақиқа қайнатилади. Совигач, кунига уч маҳал овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилса, бачадон оғриғини қолдиради, қон кетишини тўхтатади.
  • Тенг миқдорларда қашқарбеда ўти, мойчечак ва тирноқгул гуллари, оққалдирмоқ барги ҳамда тиллабош ўтидан олиб аралаштирилади. Икки ош қошиғи устига ярим литр қайноқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйилади. Кунига олти маҳал овқатдан олдин 0,3 стакандан 1-2 ой давомида ичилади. Даволаниш даврида жинсий алоқа таъқиқланади.
  • Қуритилмаган эрмон ўтидан 50 г ини шиша идишга солиб, устига ярим литр ўткир оқ вино қуйиб, ўн кун қоронғи ва иссиқ жойда сақланади. Вақти-вақти билан идиш силкитиб турилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир ош қошиқдан ичилса, бачадон шишига фойда беради.