БАҚЛАЖОН

Бақлажон таркибида калий тузлари кўп бўлганлиги учун инсон танасидаги ортиқча суюқликни ҳайдаш, қон таркибида мавжуд бўлган холестеринни камайтириш хусусиятига эга. Паришонхотирликка, жигар, буйрак, меъда-ичак хасталикларига, бод, подагра, бўғин қуруқлашиши, туз йиғилиши каби касалликларни даволашда жуда яхши фойда қилади.

Табобат муолажаларидан:

  • Беш-олти дона ўртача пиёзни тўғраб, беш дона картошка, ўн дона бақлажонни тўртга бўлиб тўғраб ёғда қовурилади ва устига бир пиёла қайноқ сув қуйиб ярим соат димлаб еб турилса, фаромушлик, паришонхотирлик дардига шифо бўлади.
  • Товуқ гўшти ва пиёзни майда тўғраб, гуруч билан ичи ўйиб олинган бақлажон тўлдирилади. Қозонга писта ёғидан бир чўмич солиб, беш дона пиёзни булғор қалампири билан қовурилади. Икки дона олманинг пўстини арчиб тўрт бўлакка бўлиб, ичи тозаланади. Икки дона турп, бир дона саримсоқни ҳам тозалаб қовурманинг устига солинади. Кейин бир литр қайноқ сув қуйиб паст оловда ярим соат қайнатилгач, ичи тўлдирилган бақлажонларни қозонга солиб димлаб пиширилади. Бу таом инсон танасидаги кераксиз суюқликни ҳайдайди, шишларни қайтаради.
  • Етти дона ўртача пиёз юпқа қилиб тўғралади. Уч дона сабзи қирғичдан ўтказилади. Бир донадан қизил лавлаги ва картошкани қирғичдан ўтказиб аралаштирилади. Тўрт дона тухум, беш қошиқ нўхат уни билан аралаштирилади ва ичи тозаланган бақлажонга тўлдирилиб, таъбга кўра мурч, зира, туз солинади. Мантиқозонда пиширилади. Бу таомни тез-тез еб турилса, подагра касаллигига, бўғинлар орасига йиғилган тузларни тозалашга ёрдам беради.
  • Олти дона қизил сабзи қирғичдан ўтказилади. Тўрт дона тухум билан гречка аралаштирилади. Туз, зира, ҳар хил кўкатларни майда тўғраб аралаштирилади ва масаллиқлар усти ярим соат ёпиб қўйилади. Кейин бақлажоннинг ичини тозалаб, унга тиқилади ва манти қозонда димлаб пиширилади. Бу таом сурункали қабзиятга шифо бўлади.
  • Бақлажонни тўртга бўлиб, тузлироқ сувда қайнатиб пишириб олинади. Товоққа сўзиб чакки, қатиқ ёки қаймоқ билан еб турилса, қорин дам бўлишига фойда қилади.
  • Кичик бақлажонларни бўлакчаларга бўлиб қиём тайёрлаб еб турилса, эслаш қобилиятини тиклайди.