БУРУН КАСАЛЛИГИ

Бурун касаллиги ҳар хил бўлади. Бурун ичидан ўсган гўшт, бурун оқиб-қичиб аксирганда таъсир этувчи чанглар, ҳар хил ҳидлар аллергик бурун касаллигига сабаб бўлади. Бурун шамоллаб, назла пайдо бўлганда кўзга, бошга таъсир этади. Ўз вақтида даволанмаса, сурункали тус олиб кетиши мумкин.

Табобат муолажаларидан:

  • Бўтакўз, омонқора, қоқиўт, газанда, чойўти, андиз, сариқ бўйимодарон, боқила – ҳаммасидан бир хил миқдорда олиб, майдалаб бир литр қайноқ сувга бир ош қошиқ солиб дамланади. Икки соат усти ўраб қўйилади. Кейин ҳар икки соатда 100 г дан ичилади.
  • Ярим стакан ун, 50 г зайтун ёғи ва 100 г узум сиркасини бир пиёла зиғир уруғи кукуни билан аралаштириб, хамирга ўхшатиб, иссиқ ҳолда бошнинг орқасига, пешонага боғланса, албатта шифо бўлади.
  • 50 г зайтун ёғига бир ош қошиқ занжабил кукуни, ярим ош қошиқ мози кукуни, 20 г гул ёғи қўшиб аралаштирилади ва ҳар куни тўрт маҳал бурунга томизилади.
  • Совунўтнинг ер устки қисмидан олиб, сиқиб сувини чиқариб, бурунга томизилса, кўп шиллиқни туширади, жароҳатларни тузатади, шиш ва оғир яралар тарқалишига тўсқинлик қилади.
  • Қуруқ ва майдаланган ялпиз баргидан 15-20 г олиб, устига 200 г сув қуйилади ва 15 дақиқа паст оловда қайнатилади. Кунига икки маҳал 4-5 томчидан бурунга томизиб турилса, чиқиндиларни йўқотади, нафас олишни яхшилайди.
  • Нўхотдай мумиёга 5-6 г камфора аралаштириб, кунига икки маҳал 2-3 томчидан бурунга томизилса, бурун касалликлари ва қонашига яхши даво бўлади.
  • Бурун бўшлиғи касалликларида шолғом яхши даволовчи восита сифатида синалган. У бурун бўшлиғидаги ҳамма шиллиқларни тозалаб, чиқариб ташлайди. Хом шолғомдан 200 г ни қирғичдан ўтказиб, кунига икки маҳал истеъмол қилиш тавсия этилади. Шундан кейин камида бир соат бошқа нарса еб-ичмаслик лозим. Даволаш жараёнида ҳар куни икки марта икки пиёладан қатиқ ичиш керак. Бурунга кунига 2 маҳал 2-3 томчидан шолғом шарбати томизиш зарур. Даволаниш даврида қовурилган, ёғли овқатлар, қази, кабоб ва сут вақтинча истеъмол қилинмайди.
  • Янги узилган итузум баргини эзиб, шираси бурунга томизилса, ичидаги хавфли ярани даволашда фойда қилади. Бу муолажа 3-4 маротаба такрорланса, яра битади.
  • Заъфарон толқонидан 5 г олиб, устига товуқ ёғидан 30 г қўшиб, бир кун қўйилади. Кейин кунига уч маҳал беш кун давомида бурун ярасига суртилса, тузалади.
  • Қуритиб майдаланган зубтурум баргидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйилади. Докадан сузиб, кунига тўрт маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин бир ош қошиқдан ичилади.
  • Тенг миқдорда аччиқ бодом ёғи ва семизўт сувидан олиб қўшилади ва кунига уч маҳал олти кун давомида пешонага суртилса, бурун ичининг қуриши тузалади. Тузалгунча аччиқ, шўр, нордон ва суюқ нарсалар истеъмол қилинмайди.
  • Бурунга кунига 2-3 маҳал пиёзнинг сиқиб олинган сувидан томизиб турилса, бурундаги ўсмалар, яраларни қуритади, чиқиндиларни туширади, бир йўла бош, кўз, қулоққа ҳам шифо бўлади. Пиёзни майда тўғраб ҳидлаш ҳам яхши фойда қилади.