Достон №1

  • Аллоҳ бу дунёни этаркан бино,
  • Муҳаббат ўтидан қилмиш ибтидо.
  • Келиш-у кетмоқдан шу эрур маъни
  • -Ишқ аро ёнмокдир одамзот тани!
  • Расулуллоҳ эрур банда ва элчи,
  • Аллоҳнинг ердаги ғолиб севинчи.
  • Унинг ҳукми ила ҳар нега ноил,
  • Унга билим бермиш ҳазрат Жаброил.
  • Фаришталар кўзи ёнмиш - боқса гар,
  • Унинг хулқи ила олам жилвагар.
  • Хадича онамиз бўлган кун шодон,
  • Муқаддас ишқини этмиш намоён.
  • Демишки:"Наслингиз асл ва тоза,
  • Қондошлик ипи-ла бўлмиш овоза.
  • Ҳайратга боисдир Сиздаги ахлоқ,
  • Қалбингиз, сўзингиз, амалингиз пок!
  • Сиз-ла турмуш қурмоқ орзудир азим,
  • Икки дунёингиз обод азизим!"
  • Орада ўн беш ёш бўлган тафовут,
  • Бир-бири-ла тенгдош эдилар-ки худ.
  • Сабаб: руҳи ила сарбаланд банда,
  • Руҳ ўзгармагай ҳеч давр ўтганда.
  • Муҳаббат иншга шарафлар бўлсин,
  • Улуғ сабабият ёғдуга тўлсин.
  • Шу йўсин бошланмиш Саодат асри,
  • Ислом дунёсида Муҳаббат қасри!
  • Неданки куч олмиш Булбул ила Гул,
  • Лаззат гирдобига ғарқ эрур буткул.
  • Ишқни сен шунчаки бир ўйин, дема,
  • Ишқдир уммон аро сузган бир кема.
  • Унинг манзилига нигоҳ етмагай,
  • Умр мазмунидан оҳор кетмагай.
  • Ҳаётнинг мазмуни шу эрур азал,
  • Муҳаббат - умрга бергувчи сайқал.