Достон №10

  • Эл кўзига доғи махбуб айлагил,
  • Барча хотирларга маргуб айлагил.
  • Гарчи мақсудиға мубҳамдур баён,
  • Қуш тилин эл кўнглига қилгил аён.

Алишер Навоий

    • Қуш тилини билмайман деб чекма афсус,
    • Сенга маъно қувватини берар ранг-тус.
    • Тилга сиғмас чунки дунё ҳайратлари,
    • Ҳам мавжлари, овозлари, ғайратлари.
    • Гуллар учун куйламайди булбул фақат,
    • Гул ортида не борлигин сезгай албат.
    • Фақат гулдан кувнамагай унинг кўзи,
    • Ки Аллоҳнинг сўзи эрур Булбул сўзи.
    • Олислардан тушмиш бунга навоси ҳам,
    • Коинотнинг иси қолган ҳавоси ҳам –
    • Бир сеҳрли туюлажак тонг чоғида,
    • Ҳар нарсанинг ўрни бордир Сир боғида.
    • Сирни ошкор қилажакдир хонишлари,
    • Ошиқ бўлиб, ўтли-ўтли ёнишлари!
    • Ошиқ бўлсанг ғам-андуҳлар лаззатлидир,
    • Ошиқ бўлсанг оддий амал ҳайратлидир.
    • Ошиқ бўлсанг - бу дунёга келганинг рост,
    • Ишқсиз эрсанг мавжудлигинг суврат, холос.
    • Қулоғингга садо келсин йироқлардан,
    • Шохчалардан, бутоқлардан, япроқлардан.
    • Муҳаббатнинг ўти ила жўш ургил сен,
    • Ёниб-ёниб олов бўлиб ҳам тургил сен.
    • Англа мудом илоҳий ишқ ҳавосини,
    • Тўйиб-тўйиб сипқор Булбул навосини!
    • Ишқ ўтига қонсанг агар сен ғолибсан,
    • Бу дунёда Булбул - устоз, сен - толибсан!