Достон №4

Муҳаммад ибн Абдуллоҳ бир куни ёлғиз ўзи шаҳарнинг чеккасида сайр қилиб юрган эди.

— Салом сенга, эй Аллоҳнинг расули!.. — деган сас келди.

Чапга, ўнга қайрилиб қаради. Ҳеч ким йўқ. Овоз эса яқиндан келган эди. Эшитилгандек бўлиши мумкин эмас.

—Ассалому алайка, ё Расулуллоҳ!..

Иккинчи марта шу овозни эшитди. Яна ён атрофига аланглади. Ҳеч ким йўқ. Бирон жойга яшириниб чақиряптими, деса, ундай жой ҳам эмас эди бу ер. — Салом бўлсин сенга, эй Аллоҳнинг пайгғамбари!..

Учинчи марта эшитганда, овозни ҳам, овоз келган жойни ҳам аниқлади: бу овоз бир тошдан чиқаётган эди.

Ал-Амин у ердан узоқлашди.

Аллоҳнинг расули нима дегани? Кимга қаратилган овоз эди бу? Бунинг маъноси нима эди?

Аҳмад Лутфий Қозончи

("Саодат асри қиссалари" китобидан).
  • Кесакдек битта қуш шох узра қўниб,
  • Куй ижро қиларди япроқни йўниб.
  • Япроқ нимта-нимта бўларди гўё,
  • Унда пайдо эди турфа хил маъно.
  • Дарахт куйлар эди наздимда шу он,
  • Йўқ, дарахт эмасдир, отган оппоқ тонг!
  • Жамъийки тарафдан келар эди сас,
  • Афсус, булбул тилин ҳеч кимса билмас!
  • Сулаймон пайғамбар бўлсайди агар,
  • Булбул сўзларидан тўларди дафтар.
  • Гулга имо қилиб куйлар эди у,
  • Биздан кўпроқ сирни билар эди у.
  • Яна озмунчами тошнинг луғати,
  • Чайқалган вақтида ерни титратди...
  • Зилзила боиски қўпади тўфон,
  • Замину самони қоплагай вулқон.
  • Яратиқлар аро олганча ўрнак,
  • Булбул нола қилур - бир парча кесак.
  • Алқисса, Муҳаммад - оддий бир инсон,
  • Ёзиш-у ўқишдан айро бегумон.
  • Жаброил фаришта ёнига тушди,
  • "Ўқи!" деди шу он. Гўёки тушдир?!
  • "Ўқишни билмайман!" - шу бўлди хитоб,
  • Ал-Амин билмасди - не эрур китоб.
  • "Ўқи!" - пайдо бўлмиш яна шу садо,
  • Суяклар қисирлаб кетарди гўё.
  • "Ўқи!" дея қаттиқ қисди Жаброил,
  • Аллоҳнинг хукмига қолурсиз қойил.
  • Ал-Амин шу алпоз ҳолдан тойди хўп,
  • Умидини узиб, ҳайрон бўлди кўп.
  • Шу йўсин тушганди беш дона оят,
  • Сирлар дунёсидан келиб ниҳоят.
  • "Яратган зот бўлмиш Худо номи-ла,
  • Ўқимоқ жоиздир ҳаёт комида.
  • Инсонни яратмиш лахта қондан у,
  • Қалам не эканин билдирмиш туйғу!"
  • Шу сўзни ангаагач бўлиб бир хушҳол,
  • Ал-Амин рухида юзин очди Ҳол.
  • Ҳол илми игу чапл топмиш ибтидо,
  • Элчига сирини очмишдир Худо.
  • У шоир эмасди, тўкимасди шеър,
  • Унга гапирарди Само бирла Ер!
  • Бу гап афсонамас, афсунгармас ул,
  • Унинг номи эди буюк бир Расул!