Достон №5

Хадича Муҳаммад билан турмуш қурган кундан бери уни фазилат йўлида тобора камолот чўққиси сари илгарилаётган ҳолда кўрар, доимо севиб-ардоқлар, у билан оила қурганига сира ҳам пушаймонлик туймас эди. Хадичада унга нисбатан чексиз ишонч туйғуси бор эди. Сўнги пайтларда бир тошнинг унга: "Салом сенга, эй Аллоҳнинг расули!.." деганини айтганида: "Ёлғон гапираётирсан, ахир тош ҳам гапирадими? Тошнинг гапирганини ким эшитган экан?" деб эътироз билдирмади. Ёки: "Эҳтиёт бўл, бу тағин жину шайтонларнинг иши бўлмасин?!" демади, аксинча, бу гапларни эшитиб, ичичидан қувонди, кўнглида яқин орада бу ғалати ҳодисаларнинг ҳаммаси ойдинлашса керак, деган фикр пайдо бўлди...

Аҳмад Лутфий Қозончи

("Саодат асри қиссалари" китобидан).
  • Расулга ишонди жуфти ҳалоли,
  • Гўё икки танда бир қалб мисоли.
  • Аслида ишонмоқ ўзи нимадир?
  • Юракни юракка улаган тақдир.
  • Ўртада шу ишонч йўқолса агар,
  • Икки руҳ ажралиб кетгувси бадар.
  • Ишонса сўзига эшитган они,
  • Ҳаловат ўтига чулғанса жони -
  • Билингки, шу эрур асл муҳаббат,
  • Муҳаббат инсонга бергувси қувват
  • Гул ва Булбулнинг ҳам ҳамрозлиги шу,
  • Ғойибдан келажак овозлиги шу!
  • Сабаб шу: дейишди эътиқод аро,
  • Унинг лақабини - Хадича Кубро!
  • Неча асрларки ўтди муттасил,
  • Эсдан чиқмас асло вафонинг саси.
  • Бу дунё аслида ёлғон деганлар,
  • Ёлғон алмисоқдан қолғон деганлар -
  • Ростлик нелигига ишонгай ғояг,
  • Аллоҳ муҳаббатни қилмиш иноят.
  • Оддий бир қуртлардан малаклар қадар,
  • Аллоҳнинг қудрати жодир муқаррар.
  • Зерикмоқ жоизмас - дунё асрори
  • Олис юлдузларга туташгай бориб.
  • Валекин ҳеч қачон очилмас бир сир,
  • Недан иборатдир самовий тақдир.
  • Иўқдан бор бўлмагай, бордан эса йўқ,
  • Мутлоқ ўлим йўқдир - кўнгил бўлсин тўқ.
  • Бир ёқда зоҳирдир, бир ёқда ботин,
  • Поёнсиз коинот айланар бетин.
  • Бунинг далилидир порлаган қуёш,
  • Қуёшнинг ишқида қизар ҳар бир тош.
  • Қуёшнинг меҳри-ла ёришгай олам,
  • Тилсимот бир учи қуёшдадир жам.
  • Аммо, жоҳилликни амал қилма сен,
  • Покиза ҳисларни қамал қилма сен.
  • Ҳар ишнинг бор эрур вақти, соати,
  • Буни англамасанг бекор тоатинг!
  • Сабр айла! Сабрнинг меваси ширин,
  • Ҳар бир ҳаракатда меҳр яширин!