ЕЛ ТЎПЛАНИШИ

Ел тўпланишига асосан, ўт қопининг қийшайиши, ўт деворининг қалинлашиб тош пайдо бўлиши, қуруқ хамирли овқатларни еб ухлаш, ҳаракатсизлик сабаб бўлади. Ошқозон, ўн икки бармоқли ичакдан йўғон ичаккача қуруқлашиш ёки ич қотиши ҳам ел тўпланишига олиб келади. Ел ҳайдаш учун ҳуқна қилиш ёки сурги дори, сабзи, ўрик, шафтоли шарбати ичилади. Ел шунингдек, ошқозон ости безининг нотўғри ишлаши, нотўғри овқатланишдан ҳам келиб чиқади.

Ел тўпланишининг олдини олиш учун аввало қуюқ овқатлардан парҳез қилиш керак. Сурги дори ичиб, ичаклар тозалаб турилади.

Табобат муолажаларидан:

  • Қизил сабзи шарбати истеъмол қилинса, елни ҳайдайди. Арпабодиён, санодан бир хил миқдорда олиб дамлаб ичилса ҳам шифо бўлади.
  • Ҳар куни 7-8 г дан асал билан ялпиз уруғини қайнатиб истеъмол қилган одам ичакдаги зарарли микроблардан халос бўлади.
  • 60 г ча долчин толқонидан олиб, жигарранг шишага солинади ва устига ярим литр спирт ёки ароқ қуйиб, саккиз кун қўйилади ва тез-тез аралаштириб турилади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин, 25-30 томчидан истеъмол қилинади. Ич дамлаганда, овқат яхши ҳазм бўлмаганда, ичкетарда, кўнгил айниганда яхши фойда беради.
  • Ич дам бўлганида сабзи уруғидан кунига уч маҳал бир г дан каппаланса ёки куйдирилган терак, қайин, ёғоч кўмиридан қилинган толқондан 2-4 чой қошиғи овқатдан олдин ёки кейин каппаланса, фойда беради.
  • Бир ош қошиқ доривор валериана илдизини кечқурун термосга солинади ва устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал ярим стакандан овқатдан ярим соат олдин ичилади.
  • Бир г дан ҳар куни ялпиз барги толқонидан эрталаб, тушликда, кечқурун овқатга қўшиб истеъмол қилинса, ич дам бўлганда фойда қилади.
  • Дастарбош меваси ва гулидан уч қисм, игир илдизидан бир қисмдан олиб араштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан совуқ сув қуйиб, бир соат тиндириб қўйилади. Кейин беш дақиқа қайнатилади, совигач сузиб олинади. Кунига ярим стакандан уч маҳал илиқ ҳолда, овқатдан олдин ичилади.
  • 75 г дан газанда ва бўйимодарон, 100 г ялпиз олиб аралаштирилади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади ва эрталаб сузиб олинади. Кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Бир ош қошиқ аччиқ шувоқ устига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва дамлаб қўйилади. Дамламага бир чой қошиқ асал қўшилади. Кунига уч маҳал овқатланишдан ярим соат олдин чорак стакандан ичилади.
  • Зира, укроп уруғларидан тенг миқдорда олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига икки стакан қайноқ сув қуйиб, паст оловда беш дақиқа қайнатилади ва сузиб олиб, кун давомида ичилади.
  • Тоғрайҳоннинг ер устки қисми ва мойчечак гулидан бир қисмдан олиб аралаштирилади. Ундан 2-3 қошиғини термосга солиб, устига ярим литр қайноқ сув қуйилади ва ўн соат дамлаб қўйилади. Кейин кунига ярим стакандан икки маҳал ичилади.