ЖИГАР КАСАЛЛИГИ

Жигар касаллиги тўрт хил турда бўлади. 1. Жигар қотиши ёки цирроз; 2. Жигар катталашиши, сув йиғилиши; 3. Жигар эхинококклари; 4. Жигарни ўт қопи қисиб қолиши. Ҳамма турида ҳам бу касалликда қон қуюқлашиб, билирубин ферментлари кўтарилиб кетади ва жигарда қон айланиши ёмонлашади, лимфа тугунлари катталашади. Қаттиқ қўрқишдан ҳам сариқ касаллиги пайдо бўлади. Жигар циррози кўпроқ спиртли ичимликларни кўп истеъмол қилган инсонларда учрайди. Қуюқ овқат истеъмол қилувчиларда ўт қопи касалланиб, жигарни заҳарлайди. Қуруқ ва сув йиғиладиган циррозда қорин соҳаси шиша бошлайди. Бемор танасига ичган суюқлигининг икки қисмигина сингади. Қорин шишини йўқотиш учун тезда шифокор-табибларга мурожаат этиш керак. Вақтида олди олинмаса, бемор ҳаёти хавф остида қолади.

Табобат муолажаларидан:

  • Наъматак, чойўти, мойчечак, қирқбўғин, омонқора, газанда, ўлмасўт, сачратқи, ялпиз, маккажўхори попуги, бўтакуз гули, меҳригиё, сариқ ҳалила, балила, сандал, тотим, зирк илдизи, сано уруғи, чумчук тили, боқиладан бир хил миқдорда олиб аралаштирилади ва майдалаб, бир литр қайноқ сувга бир ош қошиқ солиб, паст оловда беш дақиқа қайнатилади. Икки соат усти ўраб қўйилади. Сузиб олиб, ҳар икки соатда бир пиёладан ичилади. Бу гиёҳлар синовдан ўтган дорилардир.
  • Наъматак мевасидан 20 г, газанда баргидан 10 г олинади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 10-15 дақиқа қайнатилади. Кейин сузиб олгач, кунига икки маҳал бир стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда бўйимодарон, далачой, сачратқи илдизи ва қирқбўғин ўтларидан олинади ва бир қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олгач, кунига 2-3 маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин чорак стакандан ичилади. Бу восита сурункали гепатитда яхши самара беради.
  • Уч литр қайноқ сувга уч г мумиё солиб яхшилаб эритилади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир стакандан ўн кун ичилади. Беш кун танаффус қилгач, даволаниш тўлиқ тузалгунча давом эттирилади.
  • Уч бўлак саримсоқ ва ўртача катталикдаги лимондан тўрт дона, асалдан бир кг, зайтун ёғидан 300 мл олинади. Лимонларнинг уруғи, икки донасининг пўчоғи ҳам олинади. Уларнинг барини гўштқиймалагичдан ўтказиб, сирли идишга солинади. Асал ва ёғ билан қорилади ва икки литрлик идишга солиб, совиткичнинг пастки қисмига қўйилади. Фойдаланишдан олдин қоришма яхшилаб аралаштирилади. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан овқатдан 30-40 дақиқа олдин истеъмол қилинади. Даволаниш бир йил давомида 3-4 марта ўтказилади.
  • Иттиканак, бўйимодарон, далачой, қушторон ўтлари, маврак барги, дастарбош ва мойчечак гуллари, наъматак меваси, қариқиз ва андиз илдизларининг ҳаммасидан тенг миқдорда олиб аралаштирилади. Бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • 75 г дан тирноқгул, қончўп ва ўлмасўтдан, 100 г газандадан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олгач, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Мавракдан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйилади, бир чой қошиқ асал қўшиб, бир соат дамланади. Оч ҳолда ичилади.