ЖИГАР ЦИРРОЗИ

Жигар циррози – жигар ҳужайраларининг сурункали зарарланиши ва ўлиши ҳамда уларнинг аста-секин бириктирувчи тўқималар билан алмашиниб қолиши. Бунда жигарнинг тузилиши ва фаолияти ҳам издан чиқади. Жигар циррози секин ривожланадиган сурункали касаллик ҳисобланади. Жигар вирусли гепатит билан оғриганда ўз вақтида шифокорга мурожаат қилинмаса, даволаниш кеч бошланса, мутахассис маслаҳатларига амал қилинмаса ва парҳез бузилишига йўл қўйилса, хасталик зўрайиб кетиб, беморнинг аҳволи оғирлашади.

Касаллик авж олган пайтда бемор ҳеч қандай жисмоний иш қилмай, руҳан тинч бўлиши керак, спиртли ичимликлар ичиш қатъий ман этилади.

Табобат муолажаларидан:

  • СЎн г газанда баргидан, 20 г наъматак мевасидан олинади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 10-15 дақиқа қайнатилади. Кейин сузиб олгач, кунига икки маҳал бир стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда бўйимодарон ва далачой ўтлари, сачратқи илдизи ва қирқбўғиндан олинади ва бир қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олгач, кунига 2-3 маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин чорак стакандан ичилади. Бу восита сурункали гепатитда ҳам самара беради.
  • 20 г газанда баргидан, 40 г наъматак мевасидан олинади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйилади. Сузиб олгач, кунига 2-3 маҳал ярим стакандан ичилади.
  • Уч г мумиёни уч литр қайноқ сувда эритилади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир стакандан ўн кун ичилади. Беш кун танаффус қилгач, даволаниш тўлиқ тузалгунча давом эттирилади.
  • 300 мл зайтун ёғидан, бир кг асал, уч бўлак саримсоқ ва ўртача катталикдаги тўрт дона лимон олинади. Лимонларнинг уруғи, икки донасининг пўчоғи ҳам олинади. Уларнинг барини гўштқиймалагичдан ўтказиб, сирли идишга солинади. Асал ва ёғ билан қорилади ва икки литрли идишга солиб, совиткичнинг пастки қисмига қўйилади. Фойдаланишдан олдин қоришма яхшилаб аралаштирилади. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан овқатдан 30-40 дақиқа олдин истеъмол қилинади. Даволаниш бир йил давомида 3-4 марта ўтказилади.
  • Тенг миқдорда қушторон, иттиканак, далачой, бўйимодарон ўтлари, маврак барги, дастарбош ва мойчечак гуллари, наъматак меваси, қариқиз ва андиз илдизларидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • 75 г дан тирноқгул, қончўп ва ўлмасўтдан, 100 г газандадан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олгач, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Маврак ўтидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйилади, бир чой қошиқ асал қўшиб, бир соат дамланади. Оч ҳолда ичилади.