ЗАҲАРЛАНИШ

Заҳарланиш асосан дорилардан, овқатдан, ҳаводан, сувдан, газдан, тутундан бўлиши мумкин. Заҳарланган инсон дарҳол шифокорга мурожаат қилиб, ичини ювдириши керак.

Табобат муолажаларидан:

  • Меҳригиё, игир, газанда, долчин, чойўт, боқиладан тенг миқдорда олиб, яхшилаб майдаланади ва бир литр қайноқ сувга икки ош қошиқ солиб, паст оловда беш дақиқа қайнатилади ва икки соат усти ўраб қўйилади. Сузиб олиб, ҳар соатда бир пиёладан ичилса қон ювилиб заҳарланиш кетади. Даволаниш муддати – бир ой. Ўн кун дам олиб, яна давом этилса, заҳарнинг асорати қолмайди.
  • Заҳарланган одамга тезда иссиқ сув ёки кунжут ёхуд зайтун ёғи ичириб, қустирилади. Баъзан эса сув ва суюқ овқатни кўпроқ ичиш фойдали бўлади, чунки улар қустирмаган тақдирда ҳам заҳар қувватини қирқади. Кўпроқ сут ичирилса, заҳарнинг зарари кесилади. Ичилган сут ҳам қусиб ташланса, янада яхши.
  • Бир чой қошиқ асалга аралаштириб зубтурум ўти шарбатидан уч ош қошиқ солиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин бир ош қошиқдан ичилади.
  • Икки ош қошиқ кўкўт илдизини сирли идишга солиб, устига икки стакан совуқ сув қуйилади. Паст оловда оғзи ёпиқ ҳолда 15 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, тўрт қисмга бўлиб, кун давомида ичилади.
  • Мумиё истеъмол қилинса бутун организмга, айниқса юракка куч-қувват беради. Чаён, қорақурт, илон ва ҳашаротлар чаққанда мошдек мумиёни ичиб туриш ҳам яхши шифо қилади.
  • Икки ош қошиқ арпабодиён ўтини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олгач, кун давомида оз-оздан ичилади.
  • Кислоталардан заҳарланганда меъда 3-5 г магний окиси билан ювилади. Ишқорлар туфайли бўлса, меъдани сирка эритмаси ёки лимон кислотаси билан ювиш зарур. Заҳарланган одам кунига 200 г зайтун ёки кунгабоқар ёғидан истеъмол қилиши лозим.
  • 100 г дан мойчечак ва ялпиздан олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олгач, кунига тўрт маҳал 150 г дан овқатдан олдин заҳарланганда ичилади.
  • Натрий ёки магний тузларидан 20-30 г ини 400 мл сувга солиб, ични суриш учун берилади. Болаларга ёшига қараб бир ёш бўлса бир г, катталарга бир ош қошиқ ёғоч кўмир ёки магнезий берилади. Орқасидан ич юриштирувчи тузли сув (ярим литрга бир г танин ёки чой қўшилади) ичирилади.
  • Озиқ-овқатдан заҳарланганда далачой ўтидан икки ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйилади. Оғзи ёпиқ идишда сув буғида 15 дақиқа қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин 0,3 стакандан ичилади.