ЗОТИЛЖАМ

Табобат муолажаларидан:

  • Тенг миқдорда жўка гули ва малина мевасидан олиб, бир ош қошиғига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, уйқу олдидан бир стакан иссиқ ҳолда ичилади.
  • 200 г зайтун ёғи, 50 г жўка гули, 150 г қайин куртаги, 1300 г асал, бир стакан алой барги олинади. Алой баргини яхшилаб ювиб, ўн кун қоронғи ва совуқ жойда сақланади. Кейин асални эритиб, эзилган алой барги қўшилади. Алоҳида икки стакан сувда қайин куртаклари ва жўка гуллари икки дақиқа қайнатилади, сўнг совитиб, асалга солинади. Қайнатма иккита шиша идишга тенг миқдорда солиниб, устига зайтун ёғи қўшилади ва салқин жойда сақланади. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан истеъмол қилинади. Ишлатишдан олдин идиш яхшилаб чайқатиб, аралаштирилади.
  • 75 г тоғрайҳондан олиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин ярим стакандан илиқ ҳолда ичилади. Дамлама ўткир ва сурункали бронхит йўталини қолдиради.
  • Сулидан бир стаканни яхшилаб ювиб, устига бир литр сут қуйилади ва паст оловда бир соат қайнатилади. Сузиб олгач, иссиқ ҳолда ёғ ёки асал билан ухлашдан олдин ичилади. Бу восита пневмониянинг оғир турларида ва дармонсизланган беморларга жуда фойдали.
  • Арпабодиён ва укроп мевалари, қайин куртаги, қушторон, кийикўти ва ширинмиянинг майдаланган илдизидан тенг миқдорда олинади. Йиғмадан тўрт чой қошиғини 300 мл қайнатиб совитилган сувга солиб, икки соат дамлаб қўйилади. Кейин 2-3 дақиқа қайнатиб, сузиб олинади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади. Бу йиғма йирингли бронхит, кўкйўтал, бронхиал астма, сурункали пневмонияни даволашда яхши самара беради.
  • Сигирқуйруқ гули ва баргларидан уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олгач, кунига бир ош қошиқ асал қўшиб, тўртга бўлиб, овқатдан ярим соат олдин ичилса, юқори нафас йўллари шамоллашида фойда қилади.
  • Тенг миқдорда ширинмия илдизи, тоғжамбил ўти, қарағай куртаклари, арпабодиён ва шивит меваларидан йиғма тайёрланади. Шундан тўрт чой қошиғи устига бир л сув қуйиб, паст оловда икки соат қайнатилади. Уч қисмга бўлиб ичилади.
  • Икки қисмдан сигирқуйруқ гули ва арпабодиён меваси, уч қисм ширинмия илдизи, тўрт қисм кўка барги, саккиз қисм гулхайри илдизи, ўн қисм игир илдизпоясидан олинади. Шундан бир ош қошиғи устига икки стакан қайноқ сув қуйиб, 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Докадан сузиб олгач, кунига ҳар уч соатда ярим стакандан ичилади.
  • Икки қисмдан сигирқуйруқ гули ва укроп меваси, уч қисм ширинмия илдизи, тўрт қисм кўка баргидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан совуқ сув қуйиб, икки соат тиндирилади. Ўн дақиқа қайнатгач, кунига бир неча бор иссиқ ҳолда ичилади.
  • Тенг миқдорда гулхайри ва ширинмия илдизларидан, арпабодиён меваси ва қарағай куртагидан, маврак баргидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига ҳар уч соатда бир стакандан ичилади.