ЛИХОРАДКА

Иситма кўтарилиши асосан, шамоллашдан бўлади. Уларнинг турлари ҳар хил. Бодомча безларининг шамоллашидан, балғамдан бўладиган иситма, ич кетишидан бўладиган иситма, яралардан, суяк сингандан, чиққандан бўлган иситма, сурункали микроблар чиқарадиган стафилакокк иситмалари бор. Иситма қайси турда бўлишидан қатъий назар, тезлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Табобат муолажаларидан:

  • Бўйимодарон, исириқ гули, тотим, лимон барги, бўтакўз, зирк барги, чойўти, шотут баргидан тенг миқдорда олиб, майдалаб аралаштирилади ва бир литр қайноқ сувга бир ош қошиқ солиб, икки соат усти ўраб қўйилади. Сузиб олиб ҳар икки соатда бир пиёладан ичилса, шифо бўлади.
  • Қуритилган маймунжон баргидан бир чой қошиқ олиб, унга шу ўсимлик уруғидан ярим чой қошиқ қўшилади. Ярим литрлик чойнакка солиб, устига қайноқ сув қуйилади ва 5-6 дақиқа дамланади. Чойга ўхшаб ичилса, иситмани тез туширади.
  • 100 г дан тоғрайҳон ва маржон дарахти гулидан, 75 г жўка гулидан олинади. Уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 100 г дан иситмани тушириш учун ичилади.
  • Икки чой қошиқ оқ акация гули устига ярим стакан ароқ қуйиб, бир ҳафта оғзи ёпиқ идишда сақланади. Сузиб олиб, кунига 20 томчидан сувга қўшиб ичилади.
  • Гўшт билан қайнатилганда шолғом кучли озиқага айланиб, меъдани тўқ тутади. Қайнатмаси иситма чиққанда ва юрак безовталанганда жуда яхши шифо бўлади.
  • Бўйимодароннинг қуритилган ер устки қисмидан бир ош қошиғини оғзи ёпиладиган идишга солиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва бир соат дамланади. Докадан сузилгач, кунига 3-4 маҳал овқатдан ярим соат олдин бир ош қошиқдан ичилса, иситмани туширади.
  • Сачратқи мевасидан бир чой қошиғи устига икки стакан сув қуйиб, бироз қайнатилади ва бир-икки соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин ярим стакандан ичилса, иситмага даво бўлади.
  • Кунгабоқар гули ва баргидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа дамлаб қўйилади. Иситмадан даво сифатида ярим стакандан ичилади.
  • Тўрт литр сувга бўтакўз ўтидан 300 г солинади ва ўн дақиқа мил-мил қайнатилади. Кунига уч маҳал уч ош қошиқдан беш кун давомида ичилса, иссиқни туширади.