МАДОРСИЗЛИК

Мадорсизлик касаллигига асосан, ич қотиши, ич кетиши, ошқозон ва ичаклар қуруқшаши (колит) ёки ҳар хил турдаги қурт ва гижжалар сабаб бўлади. Ошқозон ости безининг тез ишлаши ҳам мадорсизликни келтириб чиқаради.

Табобат муолажаларидан:

  • Бир кг ёнғоқ, ярим кг бодом, ярим кг қора майизни майдалагичдан ўтказиб, бир пиёла асал аралаштирилади ва таъбга қараб еб турилади. Учта тухум сариғини ҳар куни наҳорга ичилса ҳам ёрдам беради. 4-5 та пиёзни зайтун ёки сариёғда қовуриб, қўй жигарини кичик бўлакчаларга бўлиб, беш минут димлаб қўйиб, кейин истеъмол қилинса, шифо бўлади.
  • 150 г олмани қирғичдан ўтказиб, апельсин шарбати ва ўн дона ёнғоқ мағзи қўшилади. Ёнғоқ ўрнида бир неча қошиқ қаймоққа икки чой қошиқ апельсин, лимон шарбати ва шунча асал қўшилади. Бир кунда бир киши истеъмол қилса, бош мия учун озуқа бўлади.
  • Қуритилган ва майдаланган наъматак мевасидан икки ош қошиғи устига ярим литр сув қуйиб, ўн дақиқа паст оловда қайнатилади ва бир кеча иссиқ жойда сақланади. Сузиб олиб, кун давомида ичилади. Организмни умумий мустаҳкамлашда, жигар, ўт йўллари, гастрит ва атеросклероз каби турли касалликларнинг олдини олишда, дармондори сифатида асал билан истеъмол қилинса, катта аҳамиятга эга. Наъматак меваси одамнинг меҳнат қобилиятини ошириб, ҳорғинлик ва мадорсизликни ёзади. Унда С дармондориси яхши сақланади. Наъматакнинг эзилган мевасидан икки ош қошиғи устига ярим литр қайноқ сув қуйиб, 8-12 соат илиқ жойда сақланади. Сузиб олиб чой каби ичилади.
  • Бир ош қошиқ майиз ва уч донадан ўрик ҳамда анжирни сирли идишга солинади. Устига икки донадан олма ва лимон солиб, усти ёпиладиган даражада сув қуйилади. 5-10 дақиқа паст оловда қайнатилгач, нонуштада истеъмол қилинади.
  • 100 г дан ялпиз, қушторон, мойчечакдан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кун давомида оз-оздан кекса кишилар мадорсизлигида ичилади.
  • Тенг миқдорда арпа, буғдой ва сулидан олиб, қаҳвамайдалагичдан ўтказилади. Унга бир стакан илиқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, асал билан камқонликда, мадорсизликда ичилади.
  • 200 г дан анор, беҳи, лимон, ошқовоқ, кашнич ва отқулоқ олинади. Бирга шарбат қилинади ва қайнатиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин икки ош қошиқдан ичилса, фойда қилади.
  • Бир стакан сулини совуқ сувда яхшилаб ювилади ва устига беш стакан совуқ сув қуйиб, паст оловда суви яримлагунча қайнатилади. Сузиб олиб, тенг миқдорда сут ва тўрт чой қошиқ асал қўшилади. Кейин яна қайнатилади. Тайёр бўлган ичимликдан оғир касалликни даволашда, қарилик, мадорсизликда организмни мустаҳкамлаш учун ичилади.
  • Киши толиққанда, уйқусизликда, юрак атрофида оғриқ пайдо бўлганда дўлана тавсия этилади. 100 г дўлананинг уруғи олиниб, кечқурун устига икки стакан совуқ сув қуйилади. Эрталаб бир оз қайнатиб, сузиб олинади ва кунига 1-2 стакандан бир ой давомида ичилади.
  • Бир ош қошиқ райҳон идишга солинади ва устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15-20 дақиқа дамлаб қўйилади. Асабийлашганда, ўта чарчаганда кунига икки маҳал чой каби асал ёки шакар билан ичилади.
  • Тенг миқдорда сабзи, турп, лавлаги шарбатларидан олиб, қора шиша идишга солинади. Оғзи яхши ёпилгач, устидан хамир ёпиштирилади ва уч соат духовкага қўйилади. Аралашмадан кунига уч маҳал бир ош қошиқдан овқатдан олдин истеъмол қилинса, дармонсизликка даво бўлади. Бу муолажани уч ой давом эттириш даркор.