МИЛК КАСАЛЛИГИ

Милк касаллиги асосан иссиқ-совуқ тегиши, иссиқ овқатлардан кейин совуқ сув ичиш, ўт қопи қийшайиб қолиши натижасида меъда кислотаси ошиб кетиши оқибатида тиш милклари емирилиб, йиринглашидан пайдо бўлади. Бу ҳолда ўт қопини ювдирилмаса, милкни даволаган билан қайта оғрийверади, сурункали милк касаллиги келиб чиқади. Ички ҳарорати иссиқ мизожли инсонлар ёнғоқ, бодом есалар ҳам тишлари емирилиши, милк касаллигига дучор бўлишлари мумкин. Ичларини ювдириб, тозаланса, тезда тузалади. Ошқозон ости бези секин ишлаган инсонларда қуруқшаш кучли бўлиб, милк касаллиги кўп учрайди.

Табобат муолажаларидан:

  • Исириқ, мойчечак, тотум, зирк илдизининг майдаланганини тенг миқдорда аралаштириб, бир литр қайноқ сувга икки ош қошиқ солиб, паст оловда ярим литр қолғунча қайнатиб, ҳар соатда оғиз чайқаб турилса, милк касаллигига даво бўлади.
  • 300 г зиркнинг ёғочи ёки пўстлоғидан олиб, унга уч литр ёмғир суви қўшиб, бир кун қолдирилади. Кейин 40 дақиқа паст оловда қайнатилади. Кунига уч маҳал икки ҳафта давомида шу қайнатма билан ғарғара қилинса, милк ва танглай жароҳатлари кетади.
  • Бир ош қошиқ наъматакни идишга солиб, устига бир стакан сув қуйиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Шу қайнатма билан ҳар куни 4-5 маҳал оғиз чайилади.
  • Бир ош қошиқ малина меваси устига бир стакан сув қуйиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Кунига икки маҳал – эрталаб ва қечқурун оғиз чайилади.
  • 100 г дан зубтурум барги ва 75 г маврак ўтидан олиб аралаштирилади ва икки ош қошиғини қечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кун давомида бир стакани оз-оздан ичилади, қолганига оғиз чайилса, яралар ва яллиғланишда фойда беради.
  • Ертут баргидан уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, икки стакан дамлама кун давомида ичилади, қолганига оғиз чайилса, йирингли яраларни даволашда фойда қилади.
  • 200 г ўсимлик мойи устига 75 г тирноқгул ўтидан солиб етти кун қоронғи ва иссиқ жойга қўйилади. Вақти-вақти билан аралаштириб турилади. Сузиб олиб, оғиз бурчаги ёрилганда бир неча бор суртилади.
  • Қарағай игналаридан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат оғзи ёпиқ идишда дамлаб қўйилади. Кунига уч маҳал овқатдан сўнг чорак стакандан ичилади ва оғиз чайилади. Бу дамлама витаминли воситагина бўлиб қолмай, балки микробларга қарши дезинфекция хусусиятига эга, оғиздаги ҳидни ҳам йўқотади.
  • Бўйимодарон ўтидан уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, икки стакани кун давомида ичилади, қолган дамлама билан оғиз яллиғланиши чайилади.
  • Кунига уч маҳал ўн кун давомида алой сувини икки чой қошиқдан оғизга олиб, 7-8 дақиқа ушлаб туриб тупуриб ташланса, милк ва танглай касалликларига фойда қилади.