ОЛМА

Олмани халқимиз хомлай ейиш билан чекланиб қолган. Аслида олма инсон организми учун зарур бўлган витаминларга жуда бой. Агар ундан таом тайёрлаб ейилса, фойдаси янада ортади. Олма таркибида темир, мис, калий, каротин, биотин, темир, органик кислоталар, ошловчи моддалар, С1, Б1, РР дармондорилари, фосфор мавжуд бўлиб, энг яхши юмшатувчи ҳамдир. Олмани жаннат меваси дея таъриф этишлари бежиз эмас. Ибн Сино ҳам эътироф этган. Инсон соғлиғини сақлашда олманинг жуда кўп фойдаси бор. Шарбати юрак ва ошқозон фаолиятини мустаҳкамлайди. Кичик тошларни, қумларни туширади. Ҳар куни олма истеъмол қилган одамнинг қони мусаффо бўлади.

Табобат муолажаларидан:

  • Тўрт дона олмани қирғичдан ўтказиб, унга иккита ёнғоқ мағзини эзиб қўйилади. Бир дона тухум оқини кўпиртириб, бир ош қошиқ шакар ҳам қўшиб аралаштириб истеъмол қилинса, юрак-қон томирлардаги тиқилмаларни очади.
  • Олмадан қилинадиган кулча. Битта нон учун беш дона олма, 100 г сарёғ, ачитқи, ун солиб хамир қилинади. 200 г сув қуйилади. Шу хамирни ачитиб, нон пишириб истеъмол қилинса, ҳарсиллаб нафас олишни йўқотади, камқувватликка фойда қилади.
  • Олмадан қилинадиган атала. Олти дона олма пўстини тозалаб қирғичдан ўтказилади. Унни сариёғда қовуриб, қизаргандан кейин устига бир литр сув қуйилади ва олма солинади. Паст оловда бир соат қайнатилади ва ўн дақиқадан кейин тўрт ош қошиқ асал солиб қайнатиб, атала тайёрланади. Шундан ҳар куни ичилса, меъда, ичакларни ёмон хилтлардан тозалаб, қувват бахш этади.
  • Олмани сабзи шаклида тўғраб, пиёзни нафис тўғраб, товуқ гўшти билан бодом ёки зиғир ёғида пишириб палов қилиб истеъмол қилинса, меъдага қувват беради, қорин, буйрак шишини қайтаради. Бу энг тез ҳазм бўладиган ош саналади.
  • Бир литр сувга уч дона тухум, бир пиёла гуруч, олти дона олма, 50 г сарёғ, бир пиёла чакки ёки қатиқ солиб, тухумни аралаштирилади. Газ печга қўйиб, то қайнаб пишгунча таги олиб кетмаслиги учун аралаштириб турилади. Таъбга қараб туз, зира, ялпиз кукуни солинади. Буни олмали, қатиқли таом дейилади. Қандли диабет касаллиги бор одамлар истеъмол қилса, қувват бўлади.
  • Олмали гўмма. 10-15 дона олма, кашнич, шивит, пиёзни майда тўғраб, ичига сариёғ, асал қўшиб димлаб пиширилади. Кейин хамирга таъбга кўра туз қўшилади. Тайёрлаш учун: бир дона тухум, бир чой қошиқда ичимлик содаси, ярим пиёла ёғ, ярим литр сув қуйиб хамир қилинади. Ярим соат тиндириб, хамир ёйилади. Димланган маҳсулотни солиб яхшилаб тугиб пиширилади. Ҳар куни, кунора еб турилса ҳам меъдага тегмайди, қонни тозалайди, қувват бўлади.
  • Олти дона олмани қирғичдан ўтказиб, бир боғдан кашнич, шивит, шавилни майда тўғраб, ярим кг гречка, тўрт дона пиёзни қовуриб бир литр сув қуйилади. Кейин олма устига гречка, кўкатларни солиб паст оловда димлаб пиширилса, гречкали шовла бўлади. Қандли диабет касаллигига, қонни тозалашга шифо бўлади.
  • Саккиз дона олмани қирғичдан ўтказиб, қуритилган хушбўй олма кукуни, гуруч унидан икки ош қошиқ, асал тўрт ош қошиқ, жўхори унидан икки ош қошиқни ярим литр сувга аралаштириб, оловга қозонни қўйиб бўтқа ҳолига келгунча паст оловда аралаштириб турилади. Совигач, ичига ярим чой қошиқ ичимлик содаси, уч дона тухум, майдалагичдан ўтказилган гўшт, ялпиз, петрушкани солиб яхшилаб аралаштириб, товага кунгабоқар ёғидан озроқ солинади ва ёғ қизигандан кейин паст оловда бир қошиқдан солиб, қуймоқ пишириб ейилса, қувватсизликнинг олдини олади, бош айланишига шифо бўлади.
  • Беш дона олма, тўрт дона нок, шивит, райҳон ва ялпиз, гўшт (майдалагичдан ўтказиб)ни 1,5 литр қайноқ сувга солинади. Устига бир пиёла асал, бир пиёла гуруч солиб паст оловда пишириб, гўмма қилиб ейилса, қалтироқ бўлишнинг олдини олади, қувват беради.