ОҒИЗ БЎШЛИҒИ КАСАЛЛИГИ

Оғиз бўшлиғи касаллиги кислота кўплигидан, ичда қурт борлигидан, қон қуюқлашганидан, ошқозон дам бўлишидан, танада хилтлар ошиб кетганидан пайдо бўлади. Бундан ташқари, иссиқ овқат орқасидан ширинликлар истеъмол қилинганда, ёнғоқ, майиз, қовурилган тухум ва ҳолвадан ҳам оғиз бўшлиғи касалланиши мумкин. Ошқозон, ичакларнинг нотўғри ишлаши, ўт кислотасининг кўпайиши ҳам сабаб бўлади. Беморнинг ўт қопи ювилиб, ичидаги иссиқлик кетказилгач, қуртлардан тозаланса, оғиз бўшлиғида учрайдиган касалликлардан халос бўлиши мумкин.

Табобат муолажаларидан:

  • Оғизга жавҳар сепилса ёрдам беради. Куйдирилган аччиқтош, ивитилган гуручни кукун қилиб аччиқтош қўшиб оғизга сепилса ёки тотим билан чайилса, даво бўлади.
  • Зиркнинг ёғочи ёки пўстлоғидан 300 г олиб, унга уч литр ёмғир суви қўшиб, бир кун қолдирилади. Кейин 40 дақиқа оҳиста қайнатилади. Кунига уч маҳал икки ҳафта давомида шу қайнатма билан ғарғара қилинса, милк ва танглай жароҳатлари кетади.
  • Бир ош қошиқ наъматакни идишга солиб, устига бир стакан сув қуйиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Шу қайнатма билан ҳар куни 4-5 маҳал оғиз чайилади.
  • Бир ош қошиқ малина меваси устига бир стакан сув қуйиб, паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Кунига икки маҳал – эрталаб ва қечқурун оғиз чайилади.
  • 100 г зубтурум баргидан, 75 г маврак ўтидан олиб аралаштирилади ва икки ош қошиғини қечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кун давомида бир стакани оз-оздан ичилади, қолганига оғиз чайилса, яралар ва яллиғланишда фойда беради.
  • Уч ош қошиқ ертут баргини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, икки стакан дамлама кун давомида ичилади, қолганига оғиз чайилса, йирингли яраларни даволашда фойда қилади.
  • Тирноқгул ўтидан 25 г олиб, устига 200 г ўсимлик мойи қуйилади ва етти кун қоронғи ва иссиқ жойга қўйилади, вақти-вақти билан аралаштириб турилади. Сузиб олиб, оғиз бурчаги ёрилганда бир неча бор суртилади.
  • Бир ош қошиқ қарағай игналари устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат оғзи ёпиқ идишда дамлаб қўйилади. Кунига уч маҳал овқатдан сўнг чорак стакандан ичилади ва оғиз чайилади. Бу дамлама витаминли воситагина бўлиб қолмай, балки микробларга қарши дезинфекция хусусиятига эга, оғиздаги ҳидни ҳам йўқотади.
  • Уч ош қошиқ бўйимодарон ўтини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, икки стакани кун давомида ичилади, қолган дамлама билан оғиз яллиғланиши чайилади.
  • Ёнғоқ мойини етти кун уч маҳал оғиз тошмаларига овқатдан кейин суртилса, фойда қилади.
  • Кунига уч маҳал ўн кун давомида икки чой қошиқдан алой сувини оғизга олиб, 7-8 дақиқа сақлаб, тўкиб ташланса, милк ва танглай касалликларига фойда қилади.