ОҒИЗ БЎШЛИҒИ ШИЛЛИҚ ПАРДАСИ ЯЛЛИҒЛАНИШИ

Бу ҳолат мустақил касаллик ҳолида кечиши, шунингдек, бошқа хасталиклар (қизамиқ, қизилча, грипп, кандидоз) белгиси бўлиши ҳам мумкин. Оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасининг яллиғланиши моддалар алмашинуви касалликлари (авитаминоз, диабет), асаб ва ички аъзолар касалликлари, дармондорилар етишмовчилиги, ички секреция безлари фаолиятининг бузилиши оқибатида пайдо бўлади. Чекиш, спиртли ичимликларга ружу қўйиш, жуда иссиқ ёки жуда совуқ, нордон ва шўр овқатлар ейиш ҳам оғиз бўшлиғи шиллиқ пардасининг яллиғланишига сабаб бўлиши мумкин. Айрим дориларга нисбатан сезувчанлик ортганда, хусусан, одам ўз-ўзини даволаганда, балоғатга етиш даврида, ақл тиши чиқиши қийинлашганда ҳам шундай ҳолат рўй беради. Унинг турлари ҳар хил бўлишига қарамай, умумий белгилари бор: оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати қизаради, атрофдаги тўқималар шишади, безиллаб туради, жағ ости лимфа безлари катталашади, стоматит ўткир ва сурункали кечади. Катарал стоматитда оғиз бўшлиғи шиллиқ қавати қизаради, бироз шишади, кўп сўлак оқади, овқат еганда оғрийди. Бу белгилар кўпроқ ангина, грипп ва юқумли касалликларда кузатилади.

Табобат муолажаларидан:

  • Қайнатма тайёрлаш учун бир ош қошиқ туз устига бир чой қошиқ қорачой қуйиб, ярим литр сувда обдон қайнатилади. Шу қайнатма оғизда бироз олиб турилади ва ташланади. Буни милклар лўқилламагунча такрорлаш керак. Лўқиллаш милклардаги майда қон томирлари кенгайганини билдиради, қон юришиб кетгач, шамоллаш барҳам топади.
  • Ялпизнинг ер устки қисмидан тайёрланган қайнатмаси оғиз оғриши, милк яллиғланишини даволашда тавсия этилади. Ялпизнинг қуритиб майдаланганидан 20 г олиб, устига сув қуйиб, 10-15 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, кунига 3-4 маҳал оғиз чайилади.
  • 15 г далачой ўти устига бир стакан ароқ қуйилади. Ўн кун қоронғи ва иссиқ жойда сақланади. Кейин милкларни мустаҳкамлашда, ёқимсиз ҳидларни йўқотишда оғиз чайилади.
  • Ёнғоқ баргини қуритиб майдаланади ва икки ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйилади. 2-3 дақиқа қайнатиб, бир соат тиндириб қўйилади. Сузиб олиб, кун давомида 4-5 маҳал оғиз чайилади.
  • Қуритилган ертутнинг барги ва илдизидан бир ош қошиқдан олиб, устига бир стакан сув қуйилади. 3-4 дақиқа қайнатиб, кейин 30-40 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кун давомида 5-6 маҳал оғиз чайилади.
  • Бир ош қошиқ игир илдизи устига бир стакан сув қуйиб, бир дақиқа қайнатилади ва бир соат тиндириб қўйилади. Кейин кун давомида 5-6 маҳал оғиз чайилади.
  • Бир ош қошиқ маржон дарахти гулини бир стакан қайноқ сувда 30-40 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кун давомида 6-8 маҳал оғиз чайилади.
  • Каланхой барги устига (1:10 нисбатда) ароқ қуйиб, ўн кун қоронғи жойда қўйилади. Кейин шу дамламадан бир чой қошиғини бир стакан сувга қуйиб, кунига 4-5 маҳал оғиз чайилади.
  • Қуритиб майдаланган эман пўстлоғидан бир қисм ва баргидан ўн қисм олинади. Унинг бир қошиғи устига бир стакан сув қуйиб, 2-3 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, кун давомида 4-5 маҳал оғиз чайилади.
  • 15-20 г мойчечак гулини бир стакан сувда дамлаб қўйилади. 4 г борат кислотаси қўшиб, антисептик восита сифатида оғиз чайилади.