ПАРИШОНХОТИРЛИК

Бу касаллик бўлиб, асосан кўп сиқилиш, орқа мияда хилтлар пайдо бўлиши, яқин кишисидан ажралиш, ҳаёт ташвишлари, қон қуйилиши, орқа миянинг урилиши, қаттиқ силтиниш кабилардан сўнг юзага келади.

Табобат муолажаларидан:

  • Арпабодиён, қўй гўшти, қовоқ, нўхат билан ловия хомлигида (қовуғи билан) истеъмол қилинса, даволашга ёрдам беради. Булар витаминларга бойдир. Исириқ уруғи, сано, сариқ ҳалила, мингбарг, меҳригиёдан тенг миқдорда олиб, яхшилаб майдалаб аралаштириб, бир литр қайноқ сувга бир ош қошиқ солиб дамланади ва уч соат усти ўраб қўйилади. Сузиб олиб, ҳар икки соатда бир пиёладан ичиб турилса, шифо бўлади.
  • 100 г дан қашқарбеда, ялпиз, лимонўти, арслонқуйруқ ва омеладан олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, тўрт қисмга бўлиб, овқатдан ярим соат олдин ичилади.
  • 100 г дан дўлана гули, арслонқуйруқ ва омеладан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал 100 г дан ичилади.
  • Оддий бодрезак пўстлоғи, гули ва баргидан икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 100 г дан ичилади.
  • Қизил йўнғичқа гуллаган даврида юқори қисмидан 40 г олиб, устига 500 г ароқ қуйилади ва икки ҳафта сақланади. Тушлик ёки ухлаш олдидан 20 г дан истеъмол қилинади. Даволаниш муддати – уч ой. Кейин ўн кун танаффус қилинади. Олти ойдан сўнг даволаниш такрорланади. Атеросклерозда бош оғриб, ғувиллаганда шу дамламадан фойдаланилади.
  • Тўғралган саримсоқ билан шиша идишнинг учдан бир қисми тўлдирилиб, устига ароқ ёки 50-60% ли спирт қуйилади. 14 кун қоронғи жойда сақланади. Вақти-вақти билан аралаштириб турилади. Кунига уч маҳал беш томчидан бир чой қошиқ совуқ сув билан ичилади. Қон томирлари ва меъдани турли рутубатлардан тозалайди, қон босимини туширади, бош мия томирлари тўқималарини очишга яхши таъсир кўрсатади.
  • 75 г дан дўлана гули, қора буғдой гуллари ва ялпиздан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, тўрт қисмга бўлиб, кун давомида бош мия қон томирлари склерозида ичилади.
  • 75 г кичик бўригулдан, 100 г дан қирқбўғин ва омеладан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 100 г дан бош мия ва юрак-қон томирлари склерозида ичилади.
  • 200 г оддий четан пўстлоғи устига ярим литр сув қуйиб икки соат дамлаб қўйилади. Бош мия склерозида кунига уч маҳал овқатдан олдин 2-3 ош қошиқдан истеъмол қилинади.