РАЙҲОН ИФОРИ

  • Хидга мўлжалланган аъзо - бу димоғ,
  • Биз унинг ҳикматин сезмаймиз бироқ.
  • Ранг билан бир сафда туради ифор,
  • Иккиси аро ҳам улкан лаззат бор.
  • Ёмон ҳид кўнгилни айнитади рост,
  • Ҳиднинг бузилгани эрурки ифлос.
  • Бад ҳиддан димоғни асраган маъкул,
  • Руҳингга бир шикаст етказади ул.
  • Ширин ҳидларда бор ўзгача маъни,
  • Беҳишт ифорига менгзарлар, яъни.
  • Дейдилар: Пайғамбар туғилган маҳал,
  • Хушбўй бир атир-ла чулғанмиш тугал.
  • Улғайган вақтида ўша мушк анбар,
  • Унинг теграсини қилган мунаввар.
  • Алқисса, ифорда кўп эрур мазмун,
  • Ифор-ла алмашар кундуз билан тун.
  • Шамолнинг ифори бордирки ҳатто,
  • Қорга ҳам этилган нафис ҳид ато.
  • Хидларнинг ширини - райҳон ифори,
  • Димоққа ҳуш ёқар, тоза рафтори.
  • Эҳтимол жаннатда барқ ургандир ул,
  • Жаннат ҳавосини келтирмиш буткул.
  • Камтарлик бобида булбулга монанд,
  • Сиёҳ тусида у чайқалар хурсанд.
  • Раиҳоннинг атрини ҳидлаб тўймайсан,
  • Наҳот мўъжизавор шундайин майса!
  • Ҳид таратар пгундоқ гулзор кесаги,
  • Булбул ноласига муштоқ куртаги.
  • Чаҳ-чаҳга бурканар ғунчалари ҳам,
  • Райҳон ғуборини тозалар шабнам.
  • Боғ аро райҳонни ҳидламоқ зўр иш,
  • Хаёлда гулзорга эврилар беҳишт!