САБЗИ

Сабзидан асосан фақат ош, шўрва, димлама қилиб ейишади. Унинг таркибида инсон организми учун зарур бўлган керакли витаминлар: A, CI, С2, 15 % қанд крахмали, пектин моддалари, фосфамидлар, ферментлар, минерал тузлар, ёғ, эфир мойлари, қон тозалавчи, ошловчи моддалар бўлиб, улар қонни тозалайди, қувват бахш этади. Сабзи айниқса саратон ва бошқа кўплаб касалликларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади. Фақат ундан қандай фойдаланишни билиш керак.

Табобат муолажаларидан:

  • Ҳажми каттароқ сабзи олинади. Уни икки ёки учга бўлинади. Ўртаси ўйиб олинади ва қуйидаги масаллиқлар солинади. Гўштни майдалагичдан ўтказилади. Пиёз юпқа тўғралади. Арпабодиён уруғи яхшилаб туйилади ва шуларга озроқ зира, сабзи уруғи, таъбга яраша туз қўшиб, аралаштирилади. Шу масаллиқлар ўйиб олинган сабзи ичига тиқилади ва газ печкага қўйилади. Тез-тез еб турилса, сийдикни ҳайдайди, тошларни майдалайди. Айниқса, рак касаллигига даво, сигаретадан ва бошқа тутунлардан заҳарланишнинг олдини олади.
  • Тўрт-беш дона сабзи димлаб пиширилади. Устидан сабзи уруғи, кашнич, шивит ва мурчдан майдалаб, бир чой қошиқ солинади ва аралаштирилади. Уч дона тухум, бир ош қошиқ шакар қўшилади ва мантиқосқонда пиширилади. Бундай овқат қорин дамини кетказади, ичкетарга яхши фойда қилади.
  • Ўртача олти дона сабзи мантиқосқонда димлаб пиширилади. Яхшилаб эзиб, устига тўрт қошиқ асал солиб аралаштирилади. Уч-тўрт маҳал тўрт ош қошиқдан еб турилса, камқонлик, бош айланишига шифо бўлади.
  • Сабзини қирғичдан ўтказиб, сутда пишириб истеъмол қилинса, колит, ич қотиши, сурункали қуланж касалликларига шифо бўлади. Шунингдек, йўталга, овоз чиқмай қолганга даводир.
  • Сабзини қирғичдан чиқариб, пиёз юпқа тўғралади, жиззани гўштмайдалагичдан ўтказилади ва хоним қилиб еб турилса, қувват бўлади, тез оч қолмайди.
  • Сабзини тўртбурчак қилиб тўғраб, пиёз, зира, сабзи уруғи, думба ёғи, мурч қўшиб сомса қилиб истеъмол қилинса, эрлик қувватини оширади.
  • Сабзини кўпроқ тўғраб, бир кг қўй гўштини зиғир ёғида ўртача беш дона пиёз билан димлама қилиб еб турилса, ичакларнинг сурункали яллиғланишига даво бўлади, зотилжамга фойда қилади.
  • Икки ош қошиқ унни зиғир ёғида қовурилади. Ун қизаргандан кейин бир литр қайноқ сув қуйиб, қирғичдан ўтказилган ўртача катталикдаги саккиз дона сабзи солинади. Устига ярим пиёла асал қўшиб, қуюқлашгунга қадар паст оловда аралаштириб пиширилса, сабзили ҳолвайтар бўлади. Бу таомни ҳар куни эрталаб еб турилса, ич, бурун, киндик атрофи шамоллашига шифо бўлади, қонни тозалайди.
  • Қўй гўштини гўштмайдалагичдан ўтказилади, пиёз билан қовурилади, сабзини тўртбурчак шаклида тўғраб, ун қўшиб димланади. Сўнг зира, сабзи уруғи, кўк пиёз, сабзи барги, мурч қўшиб аралаштирилади ва қайноқ сув қўшиб ярим соат паст оловда қайнатиб, ивитиб қўйилади. Устига ловия, гречка солиб паст оловда яна димлаб қўйилади. Бу таом инсультга, қонни суюлтиришга, қон босмига қарши шифо бўлиб, тўйимли овқат ҳам саналади.
  • Сабзининг сиқиб олинган сувига гречкани ивитиб қўйиб хомлигича ейилса, қонни тозалайди, қувватсизликка даво бўлади.
  • Сабзини кўпроқ тўғраб, қўй гўштида қилинган шовлага зира, сабзи уруғи, узун – мурч солиб пиширилади. Юмшоқ бўлиб пишгандан кейин шивит, сабзи барги, кўк пиёзни майда тўғраб, шовланинг устига солиб, 15 дақиқа аралаштириб кейин ейилса, танани туздан тозалайдиган таом бўлади.
  • Кўпроқ сабзи солиб пиширилган палов танага қувват бўлади.
  • Бир донадан сабзи, қизил лавлаги ва шолғомни қирғичдан ўтказиб аралаштириб еб турилса, қонни тозалашга фойдалидир.