САРИМСОҚ

Саримсоқ таркибида эфир мойи, Е витамини, гликозид, азотли моддалар, минерал тузлар, йод бор. У қувватлантирувчи ва тана учун яхши озуқадир.

Табобат муолажаларидан:

  • Икки донадан саримсоқ, пиёз, беҳи ва бир донадан олма, кичикроқ оқ лавлаги олинади. Димламага солинадиган шаклда майдалаб, қўй гўштини кичик бўлакларга бўлиб қозонга солинади. Устига тўғралган маҳсулотларни солиб туз, зира, кашнич кукуни билан димлаб қўйилади. Икки соатда тайёр бўлади. Бу димлама юракка қувват бахш этиб, эрликни оширади.
  • Ярим кг товуқ гўштини бир чўмич зиғир ёғида қовуриб, кейин тўрт дона пиёз солиб қовурилади. Беш-олти дона саримсоқни алоҳида-алоҳида ажратиб, қовурманинг устига териб қўйилади. Беш дона ўртача шолғомни иккига бўлиб, икки дона сабзини тўртбурчак шаклда каттароқ тўғраб солинади. Масаллиқлар устига бир литр қайноқ сув қуйилиб, паст оловда қайнатилади ва зира, мурч, занжабил кукуни қўшиб қайнатилади. Бундай шўрва балғам кўчирувчи, нафас йўлларини тозаловчи шифобахш таом саналади.
  • Иккита саримсоқ, битта пиёз, иккита нок ва битта беҳи қирғичдан ўтказилади. Бир литр қаймоққа тўрт ош қошиқ ун, тўрт дона тухум солиб роса аралашгунча аралаштирилади. Кейин бир пиёла сувни қозонга айлантириб қуйиб газга қўйилади ва қайнагунча аралаштириб, қирғичдан чиқарилган маҳсулотларни солиб, бир соат паст оловда ковлаб пиширилади. Бу таом қонни тозаловчи бўтқа ҳисобланади.
  • Тўрт дона майда тўғралган саримсоқ, икки дона пиёз, ялпиз барги, кўк пиёз, шавил, отқулоқ баргини майдалаб, бир зувала хамирни ёғ, қатиқ билан қориб юпқа қилиб патир тайёрлаб еб турилса, тўқ сақлайди. Ошқозон ва ичаклардаги хилтлардан тозалайди.
  • Кичик ошқовоқни уруғларидан тозалаб, уч дона саримсоқни алоҳида бўлакларга бўлиб, 100 г ёғли қўй гўштини бир дона картошка, зира, туз, уч дона тухум билан яхшилаб аралаштириб, қовоқнинг ичига солинади ва манти қозонга қўйиб пишириб еб турилса, жигар ва талоққа фойда беради, юракдаги тўсиқларни очади.