СОЧ ТЎКИЛИШИ

Соч тўкилиши асосан витаминлар етишмаслигидан, тери қуруқлашиши ёки мойланишидан, ичакларда, ошқозонда қуртлар пайдо бўлишидан келиб чиқади. Чувалчангсимон, кўзга кўринмас қуртлар терини мойлаб, тулки касаллиги, яъни кучли соч тўкилишига олиб келиши мумкин. Сочнинг гуллаб кетиши – соч тагида қазғоқ пайдо бўлиши соч қуруқлашишига киради. А, И, С, витаминлари етишмаслиги, химиявий дорилар, бош ювадиган ҳар хил шампунлар ҳам соч тўкилишига сабаб бўлади.

Табобат муолажаларидан:

  • Бир пиёла ёғли қатиққа ярим пиёла туз, 50 г қайноқ сув қуйиб аралаштириб, бир соатдан сўнг бошга чаплаб, уч соат бошни клёнка билан ўраб қўйилади. Бу амални ҳар уч кунда такрорлаб, ўн марта қилинса, фойдасини тезда сезиш мумкин.
  • Тўрт дона тухум сариғига бир ош қошиқдан зайтун ва седана ёғлари ҳамда бир чой қошиқ кон тузи кўшиб аралаштирилади ва бошга чаплаб устидан клёнка халта кийиб икки соат ўтирилади. Сўнгра илиқ сув билан ювиб ташланади. Ушбу муолажани ҳар икки кунда такрорлаб турилса, соч тўкилишининг олдини олади. Икки ош қошиқдан зайтун ёғи ва седана ёғи, бир ош қошиқдан қора ҳалила ва атиргул ёғларини аралаштирилиб ёрилган қуруқ сочларга бир ой давомида суртиб турилса, самараси тез сезилади.
  • Икки қошиқдан чаканда меваси ва баргидан олиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйиб, 2-4 соат давомида оғзи ёпиқ идишда дамлаб қўйилади. Сузиб олингач, шарбатидан эрталаб ҳамда кечқурун 150 г дан ичилади. Ҳар куни ухлаш олдидан сочга ишқалаб суртилади.
  • 100 г дан газанда ва қизил ўтларидан олинади ва тўрт ош қошиғини сирли идишга солиб, устига тўрт стакан сув қуйилади. Паст оловда оғзи ёпиқ ҳолда 15 дақиқа қайнатиб, яна шунча вақт дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, бош ювилади.
  • Соч тўкилганда, қуриб, ингичкалашиб, рангини йўқотганда алой шарбатидан бир чой қошиқ, асалдан бир ош қошиқ олиб яхшилаб аралаштирилади. Бошни ювишдан 40 дақиқа олдин соч илдизига, терисига яхшилаб суртилади. Бошни ювиб бўлгандан сўнг мойчечак дамламаси билан чайилади. Дамлама тайёрлаш учун бир ош қошиқ ўтга ярим литр қайноқ сув қуйилади.
  • 20 г дан қариқиз илдизи ва игир илдизпоясидан, 25 г газандадан, тирноқгул гулидан 10 г, қулмоқ ғуддасидан 15 г олиб аралаштирилади. Шу йиғманинг ҳаммаси бир литр қайноқ сувда паст оловда беш дақиқа қайнатилиб, икки соат дамлаб қўйилади. Бошни ювиб бўлгандан сўнг шу қайнатма терига суртилади. Бу соч тўкилиши ва қазғоққа қарши энг яхши воситалардан бири ҳисобланади.
  • Қариқиз илдизидан тўрт ош қошиқ, тирноқгул гулидан икки ош қошиқ, қулмоқ ғуддасидан уч ош қошиқ олиб бир литр сувда қайнатилади. Бош ювилгандан сўнг терисига ҳафтада 2-3 маҳал яхшилаб ишқаланади.
  • Хина толқонидан 25 г олиб, иссиқ (70 даражали) сув билан аралаштириб, бўтқа тайёрланади. Совитмасдан тиш чўткасида сочнинг илдизидан бошлаб суртилади. Ярим соатдан сўнг бўялган соч атир совун билан ювилса, соч тўкилишининг олдини олади.
  • 25 г аччиқтош ва 75 г зайтун мойига ёнғоқнинг майдаланган пўстидан 10-15 г миқдорида қўшиб, яхшилаб аралаштирилади. Кейин паст оловда бироз иситилади ва совитилади. Аралашмани сочга суртиб хона ҳароратида қуритилади. Бу эса сочга жило берибгина қолмай, илдизини ҳам мустаҳкамлайди.
  • Шувоқни қуритиб, куйдирилади. Кулидан уч ош қошиғини 200 г зайтун мойи билан аралаштириб, бошнинг сочли қисмига суртиб ишқаланади.
  • 20 г дан эман пўстлоғи, кийикўти ва тол илдизидан олинади ва тўрт ош қошиғи устига бир литр сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади. Совигач, сузиб олинади. Соч илдизига ишқалаб суртилса, қазғоқ ва тери қичишини тўхтатади.
  • Саримсоқ шарбати, алой ва асалдан бир чой қошиқдан олиб аралаштирилади. Бошга суртилса, соч тўкилишидан асрайди ва ўстиради.