СУТ БЕЗЛАРИ ЯЛЛИҒЛАНИШИ

Сут безлари яллиғланиши ва унинг ёрилиши кўкрак қисмини очиб, пайпоқ киймасдан, ўзларини иссиқ сақламасдан юрган янги туққан аёлларда кўпроқ учрайди. Бундай пайтда иситма кўтарилади, юрак ҳолсизланади, кўнгил айнийди, иштаҳа йўқолади. Тез олди олиниб, шифокорларга кўрсатилмаса, ёмон ярага ҳам айланиб кетиши мумкин.

Табобат муолажаларидан:

  • Мол ёғи, зирк ва мумиёдан тенг миқдорда олиб, илиқ ҳолда аралаштирилиб, кўкрак яраси ёки ёрилган жойга суртилса, шифо бўлади.
  • Қуруқ қариқиз илдизидан 100 г олиб, қаҳвамайдалагичда майдаланади. Унга 1,5 стакан кунгабоқар мойи қўшиб, ўн кун қоронғи жойда сақланади. Сўнгра кўкракга ва учига суртилади.
  • Қурутилган оқ ламиум гулидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 40 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал ярим стакандан овқатдан олдин ичилади.
  • Далачой, зубтурум, бўйимодарон, тоғрайҳон, арслонқуйруқ ўтларидан тенг миқдорда олиб, чой каби дамланади. Кунига уч маҳал овқатдан кейин ярим стакандан ичилади.
  • Кунига уч маҳал катта қончўпнинг қайнатмаси ва дамламасидан бир ош қошиқдан ичилади ва бозиллама қилинади.
  • Мойчечакнинг иссиқ дамламасига матони шимдириб, оғриган жойга бозиллама қилиб қўйилади. Ёки арпани чала қайнатиб, халтачага солинади ва иссиқ ҳолида оғриган жойга 20- 30 дақиқа кўкракка бозиллама қилиб қўйилади.
  • Қўрда ёки духовкада пиширилган пиёзни асал билан (2:1) ёки зиғир ёғи билан (3:4 нисбатда) аралаштириб, кўкракка то тузалгунича қўйилади.
  • Бир ош қошиқ эвкалипт баргини сирли идишга солиб, устига бир стакан сув қуйилади ва паст оловда оғзи ёпиқ ҳолда 15 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, зиғир матога шимдириб, оғриган кўкракка доривор боғлов сифатида қўйилади.
  • Майдаланган ёнғоқ баргидан 20 г олиб, унга 100 мл ўсимлик мойи қўшилади ва оғзи ёпиқ идишда етти кун сақланади. Сўнгра шу қоришмани беш дақиқа қайнатиб, кўп қаватли докадан ўтказилади ва сув буғида қиздирилади. Шу иссиқ қоришмага 20 г мум қўшиб, йирингли ярага боғланади.
  • Икки ош қошиқ эвкалипт баргидан олиб, кечқурун термосга солинади ва устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, бир стакани кун давомида оз-оздан ичилади, қолгани билан оғриган жой ювилса, йирингли маститга фойда қилади.