ТИШ ОҒРИҒИ

Тиш касаллиги асосан иссиқ-совуқдан, милк шамоллашидан келиб чиқади. Иссиқдан тиш ёрилади, ўт қопида, ошқозонда кислота кўпайиши, тиш милкининг емирилиши натижасида тиш томирлари касалланиб тўкила бошлайди. Қон айланиши қуюқлашганда витаминлар етишмаслигидан ҳам тиш касаллиги пайдо бўлади.

Табобат муолажаларидан:

  • тўрт қошиқдан исириқ уруғи ва тотим, икки ош қошиқдан мойчечак, мози ва зирк пўстлоғи олиб аралаштирилади ва 0,5 литр қайноқ сувга солинади. Паст оловда беш дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб 7-8 марта оғиз ғар-ғара қилиб чайқаб турилса, тиш касаллигига шифо бўлади.
  • Янги узилган бўйимодарон ўтининг суви билан ҳар куни тишнинг бўшашган милкларига суртилса, мустаҳкам қилади.
  • Тўрт ош қошиқ лимонўт устига икки стакан қайноқ сув қуйиб, тўрт соат тиндириб қўйилади. Кейин тиш кучли оғриқ берганда шу дамлама билан тиш чайилади.
  • 75 г дан гулсафсар илдизи ва эман пўстлоғидан, 50 г кийикўтидан олинади ва бир ош қошиғини сирли идишга солиб, устига бир стакан сув қуйилади ва паст оловда 15 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, оғиз чайилса, тиш илдизининг емирилишидан сақлайди.
  • Ғозпанча ўтидан ёки илдизидан майдалаб бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади ва шунча вақт тиндириб қўйилади. Тиш оғриғида томоқ чайилади. Қайнатма буриштирувчи хусусиятга эга, яллиғланишга қарши, оғриқ қолдирадиган ва қон тўхтатувчи ҳисобланади.
  • Бир ош қошиқ қирқбўғин ўти устига бир ярим стакан қайноқ сув қуйиб, бир оз қайнатиб, бир соат дамлаб қўйилади. Кейин илиқ ҳолида оғиз чайқалади ёки оғриётган тиш атрофида ушлаб турилади, шунда тишнинг лўқиллаб ёки симиллаб оғриши қолади.
  • Зирқираб оғриётган тиш томонидаги қулоққа зубтурумни эзиб сувидан бир неча томчи томизилса, тезда тиш оғриғи тўхтайди.
  • Намакобни тиш оғриган томонда 5-6 дақиқа ушлаб турилса, оғриғи тезда қолади ва милклар мустаҳкам бўлади. Умуман намакобни 2-3 ойда бир-икки марта оғиз бўшлиғида 3-4 дақиқа ушлаб турилса, тиш ва милк оғриқлари бўлмайди.
  • 100 г дан ёнғоқ барги ва ёш новдасидан, исириқ ва седанадан, 50 г кон тузидан олинади ва буларнинг ҳаммасини қўшиб, ёмғир сувида ярим соат мил-мил қайнатиб, совигач сузиб олинади. Кунига 5-6 маҳал шу сув билан оғизни тўлдириб, 15 дақиқа оғизда ушлаб турилса, тиш қонаши, тиш қуртлаши, милк бўшашиши, қонаши, шишиши ва емирилишига даво бўлади (қовун, аччиқ, ширин, нордон ва совуқ нарсалар батамом тузалгунча ейилмаслиги шарт).