ТУРП

Халқимиз асосан турпнинг фақат кўкини истеъмол қилади. Қизил, қора турпларни ҳамма ҳам билавермайди. Турпни фақат салат ёки шарбатини ичиш, асал солиб ичини ўйиб ичиш сифатида билишади. Турпдан таом тайёрлаб истеъмол қилишни кўпчилик билмайди. Турп таркибида 1,58 % қанд, 1,92 % оқсил, каротин, В 1, С витаминлари, калий тузлари, кальций, магний, фосфор каби элементлар мавжуд бўлиб, улардан ични юмшатиш, сийдик ҳайдаш, балғам кўчириш, нафас йўлларидаги яллиғланишларни даволашда кенг қўлланилади. Касалликларни фақат дори препаратлари билан эмас, балки шифобахш неъматлар ва улардан тайёрланган таомлар билан ҳам даволаса бўлади. Бу эса ҳар кимнинг ўзига боғлиқ.

Табобат муолажаларидан:

  • Бир кг турп, ярим кг сабзи сомон шаклида тўғралади. Қўй гўшти зиғир ёғида қовурилиб, кейин пиёз, сабзи, турп қовурилади ва бир кг гуруч солиб, ош пишириб ейилса, юракка қувват беради, қон айланишини яхшилайди.
  • Турп, сабзи, шолғомдан тенг миқдорда олиб сомонча шаклида майда тўғралади. Пиёзни кунжут ёғида қовуриб товуқ гўшти билан устига тўғралган сабзавотлар солинади ва бир литр сув қуйилади. Сўнгра ярим кг гречка ҳам солиб димлаб пиширилса, гречкали палов бўлади. Бу таом қандли диабети бор касалларга яхши шифо бўлиб, қабзиятдан ҳам халос этади.
  • Қизил турп, қизил лавлаги ва қизил шолғомдан тенг миқдорда олиб, тўртбурчак шаклида тўғралади. Пиёз писта ёғида қовурилиб, устига сабзавотлардан солиб, оловни паст қилиб қўйилади ва ярим литр сув қуйилади. Булар устига бир кун ивитиб қўйилган қизил ва оқ ловияни солиб димлаб пиширилса, балғам кўчирувчи, сурункали томоқ қичишишига шифо бўлади.
  • Ярим кг қўй гўштини икки литр қайнаб турган сувга солинади. Бир пиёла ивитилган нўхат, ярим кг турп, 4-5 та шолғом, қизил лавлаги, қизил сабзини (тўртбурчак шаклида) бўлакларга бўлиб солиб, паст оловда қайнатилади. Кўкат овқат пишиш олдидан солинади. Бундай шўрва зотилжам, ўпка касаллиги ва балғам кўчиришга шифо бўлади.
  • Кичикроқ турпларнинг ичи ўйиб олинади. Унга қиймаланган қўй гўшти, майда тўғралган пиёз, зира, мурч, тузни аралаштириб солинади ва манти қозонда пишириб еб турилса, юракка ҳаво етишмаслигида, балғам тозалашда шифо бўлади.
  • Тўрт ош қошиқ гуруч унига, тўрт дона тухумни солиб, устидан ярим пиёла совуқ сув қуйиб яхшилаб аралаштирилади. Яна бир литр сув солинади. Қозонни газга қўйиб қайнаб чиққунча айлантириб турилади. Кейин ўртача учта турпни қирғичдан ўтказиб қозонга солинади ва ковлаб турилади. Турп пишгандан кейин беш ош қошиқ асал солинади. Бу бўтқасимон таом ошқозон ости безига, ичаклардаги шлаклардан тозалашга, ичакларни юмшатишга ёрдам беради.
  • Уч ош қошиқ унни зайтун ёғида қовурилади ва унга бир л сув қуйиб қайнатилади. Ўртача тўрт дона турпни гўштмайдалагичдан ўтказиб, 200 г бодом мағзини ҳам майдалаб, қайнаб турган аталага солиб пиширилади. Бу атала наҳорда ичиб турилса, юрак ўйноғига шифо бўлади.
  • Ярим кг қизил турп, қизил сабзи, қизил лавлагини сомон шаклида тўғраб, писта ёғида қовурилади ва ярим литр сув қуйилади. Бир кг балиқни тозалаб майда бўлакларга бўлиб, устига солиб паст оловда икки соат димлаб қўйилади. Сўнгра эзилади – аталага ўхшаш қоришма пайдо бўлади. Бу таомни эрталаб нон билан еб турилса, кўз нурига, буйракка қувват бўлади.
  • Уч ош қошиқ унни зиғир ёғида қизартириб қовурилади. Устига тўрт ош қошиқ асал солиб қовурилади ва паст оловда ярим литр сув қуйиб қайнатилади. Кейин қизил турпни сувидан бир литр солиб, паст оловда қуйилганча қайнатилса, ўзига хос ҳолвайтар тайёр бўлади. Шундан еб турилса, одам тез очиқмайди, қуввати ортади.