ТУТҚАНОҚ

Бу касаллик асосан болаларда кўп учрайди. У шамоллашдан, иссиғи кўтарилишдан, ошқозон, ичаклардаги қуртлардан, қаттиқ қўрқишдан, орқа мия билан йиқилишдан, қон қуюқлашгандан пайдо бўладиган касалликдир. Бу касалликка чалинган беморлар ҳеч нарсани сезмайдилар. Баъзи бир асаб толалари унга таъсир қилиб, беихтиёр ҳаракат қила бошлайди. Бир – икки соат гарангсираб қилган ишларини билмай, бош оғирлашиб қолади. Тутқаноқ вақт-вақти билан эс-ҳушни йўқотиш демакдир. Оёқ-қўлларнинг томири тортишиб, баъзиларда оғизларидан кўпик келиб қолиши, лаблари кўкариши, ўзидан кетиши, асаб толалари тортилиши билан кечади. Тутқаноқ касалидан кейин қон томирларда тиқилмалар пайдо бўлади, ҳужайралар таранглашиб, тортилади. Бу касаллик билан оғриган беморлар эҳтиёт бўлишлари лозим. Аввало бу касалликнинг нимадан келиб чиққанлигини аниқлаб, сўнг даволаш керак бўлади.

Табобат муолажаларидан:

  • Ялпиз, исириқ гули, боқила, бобочи, омила, долчин – буларнинг ҳаммасидан тенг миқдорда олиб майдалаб, бир литр қайноқ сувга бир қошиқ солиб, қайнаб турган буғнинг устига бир соат қўйилади. Кейин икки соат усти ўраб қўйилади. Ҳар икки соатда 100 г дан ичилади. Дори ичилаётган кунлар давомида парҳез сақланиб, аччиқ, шўр, сут-қатиқ, хом пиёз, саримсоқ, мош, хамирли овқатлар, совуқ сув, спиртли ичимликлар истеъмол қилинмайди.
  • Қуйидаги қуритилган ўтлардан: кийикўти, ялпиз, лимонўти, мойчечак ва қулмоқ ғуддаси, рутадан ёстиқ тайёрлаб бериш керак (шу ёстиқда ухлаш керак).
  • Ҳайзи вақтинча тўхтаган айрим аёлларда тутқаноқ бошланади. Унда қуйидаги йиғма шифобахш ўсимликлардан фойдаланилади: игирдан 100 г, ялпиз ва лимонўтидан 75 г дан, қашқарбеда ва мойчечакдан 100 г дан олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан бир соат олдин бир стакандан ичилади.
  • Касаллик кучли қўрқув натижасида бошланса, қуйидаги ўтлар йиғмасидан фойдаланилади: арслонқуйруқ ва доривор валериана илдизидан 100 г дан, газандадан 75 г олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан бир соат олдин бир стакандан ичилади.
  • 100 г доривор валериана илдизиини шиша идишга солиб, устига бир литр ароқ қуйиб, ўн кун қоронғи ва иссиқ жойга қўйилади. Сузиб олиб, шу дамламадан бир-икки ош қошиғини ваннага солиб, тутқаноғи бор болани кунора чўмилтирилади.
  • 100 г оғма саллагул илдизини шиша идишга солиб, устига бир литр ўткир оқ вино қуйилади ва ўн кун қоронғи ва иссиқ жойга қўйилади. Вақти-вақти билан аралаштириб турилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир ош қошиқдан ичилади.
  • 100 г тоғрайҳон ўти устига бир стакан ароқ қуйиб, бир ҳафта оғзи ёпиқ ҳолда сақланади. Кунига уч маҳал овқатдан 20-30 дақиқа олдин бир чой қошиқдан тутқаноқда, неврозда ичилади.
  • 100 г дан арслонқуйруқ ўти, итузум новдаларидан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • 100 г дан арслонқуйруқ ва омела ўтларидан, андиз илдизидан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • 75 г дан жўка гули ва дастарбош, 100 г шувоқ олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйиб қўйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда доривор валериана илдизи, тирноқгул ва мойчечак гулларидан ҳамда наъматак мевасидан олинади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва беш дақиқа қайнатилади. Кунига 3-4 маҳал ярим стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда қашқарбеда ўти, қулмоқ ғуддаси, ялпиз барги ва қораандиз илдизидан олинади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, совигунча дамлаб қўйилади. Кунига икки стакан ичиш тавсия этилади. Бу дамлама ёрдамчи даво воситаси ҳисобланади.