УЙҚУСИЗЛИК

Одам организмидаги витамин етишмаслиги, камқонлик, қон қуюқлашиши, нафас йўлларидаги балғам, юракка ҳаво етишмаслиги, ревматизм, асаб бузилиши, кўп ўйланиш – буларнинг барчаси уйқусизликни келтириб чиқаради. Инсон ҳаётида, соғлом бўлишида уйқунинг катта таъсири бор. Болалар 8-12 соат, катталар эса 7-8 соат ухлашлари лозим, бунда мия дам олиб, болаларнинг ўсишига, юрак фаолиятининг яхшиланишига, асаблар дам олиб, қон айланишига яхши таъсир қилади.

Табобат муолажаларидан:

  • Арслонқуйруқ, кийикўти ва тирноқгул гулларидан 5 г дан олинади. Йиғмадан 10 г устига бир стакан сув қуйиб, 10-15 дақиқа қайнатилади ва бир соат тиндириб қўйилади. Ётиш олдидан ярим стакандан асал билан иссиқ ҳолда ичилади.
  • Қора смородина ва тоғрайҳондан уч қисмдан, тоғ жамбили беш қисм, ялпиз икки қисм, арслонқуйруқ ўтидан тўрт қисм олиб аралаштирилади. Шундан 3 г устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига 2-3 маҳал бир стакандан ичилади.
  • Икки ош қошиқ тирноқгул ўтини кечқурун термосга солинади ва устига икки стакан қайноқ сув қуйиб қўйилади. Эрталаб сузиб олиб, дамламага бир ош қошиқ асал қўшилади, кейин тўртга бўлиб овқатдан ярим соат олдин ичилади.
  • Ҳаяжонланиш оқибатида келиб чиққан уйқусизликда арслонқуйруқ ўти, қулмоқ ғуддаси, лимонўти барги ва қирқбўғин ўтидан 30 г дан, арча меваси 25 г олинади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, икки соат дамланади. Сузиб олиб, кунига ярим стакандан овқатдан бир соат кейин ётиш олдидан ичилади.
  • Эвкалипт барги, атиргул гули ва арча шохларидан икки чой қошиқдан, маврак ўти ва тоғжамбилдан уч чой қошиқдан олиб, устига бир литр қайноқ сув қуйиб термосга солинади ва олти соат қўйилади. Узоқ сақлаш учун дамламага 40% ли спирт қўшиш мумкин. Дамламани хонага ҳам пуркаш мумкин. У асабийлашишдан, қаттиқ ҳаяжонланишдан, кучли юрак уришидан, бош оғриғидан ҳимоя қилади ва ишчанликни оширади.
  • Арслонқуйруқ ва қўлмоқ ғуддасидан 75 г дан, қашқарбедадан 100 г олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Тоғрайҳондан 10 г, доривор валериана илдизидан 5 г олиб аралаштирилади. Шундан 10 г олиб, устига бир стакан сув қуйиб, 10-12 дақиқа қайнатилади ва бир соат дамлаб қўйилади. Ётиш олдидан ярим стакан илиқ ҳолда ичилади.
  • Мойчечак гули, ялпиз барги, укроп ўти, доривор валериана ва қоразира мевасидан тенг миқдорда олинади ва 20 г ини сирли идишга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйиб, оғзини ёпиб, ўн дақиқа қайноқ сувли идишда қиздирилади. Кейин ўн дақиқа совитиб, қолган маҳсулотни сиқиб олиб, дамламага қайноқ сув қуйилади ва олдинги ҳажмини икки стаканга етказилади. Эрталаб бир ёки бир ярим стакан, кечқурун бир стакан ичилади.