ФАЛАЖ КАСАЛЛИГИ

Фалаж касаллиги асосан қон қуюқлашганда, камҳаракат, овқатланибоқ ухлайдиган инсонларда танада тиқилма пайдо бўлиб, орқа мияга қон қуйилишидан пайдо бўлади. Қон босими ўйноқи бўлган одамларда, кўпроқ 45 ёшдан 50-55 ёшгача бўлган эркакларда бошланади. Чунки ҳаракат камайиб, томирларда тиқилма, ошқозон, ичакларда хилтлар кўпаяди, қон қуюқлашиши кучаяди.

Табобат муолажаларидан:

  • Наъматак, чойўти, қончўп, долчин, ўлмасўт, газанда, зирк барги, сано, келинтили, бўйимодарон – ҳаммасини майдалаб, ҳар биридан бир пиёладан олинади. Шу йиғмага етти йиллик узум ёки олма сиркасидан сирли идишга уч литр солинади ва паст оловда ярим соат қайнатилади. Кейин устига қора нарса ўраб, етти кун қоронғи, салқин жойда, сопол идишда сақланади. Бундай идишда дори таркиби бузилмайди. Кунига бир ош қошиқдан овқатдан бир соат олдин уч маҳал ичилади. Албатта, шифо бўлади.
  • 100 г жўка куртагидан олиб, устига ярим литр ароқ қуйилади ва ўн кун қоронғи иссиқ жойда сақланади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичилади. Шу ажратма билан оғриган жойларга суртилади ва яхшилаб иссиқ қилиб ўралади.
  • Мойчечак қайнатмаси бошдаги қуюлиб қолган қонни эритади, меъда ва бош оғриқларида кунига уч маҳал 50 г ичилса, фалажга ва юз қийшайишига фойда қилади.
  • Икки қисмдан тоғжамбил ва лимонўтдан, бир қисмдан тоғрайҳон, ялпиз ва арслонқуйруқдан олиб аралаштириб, шундан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат термосда дамлаб қўйилади. Кунига икки маҳал овқатдан бир соат кейин ярим стакандан истеъмол қилинади. Паркинсон касалига даво бўлади.
  • 100 г мавракдан олиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, саккиз соат давомида ўраб дамлаб қўйилади. Овқатдан бир соат кейин бир чой қошиқдан ичилади, устидан сут ичиш тавсия этилади. Мавракни ичиш билан бирга ванна қилиш ҳам титроқли фалажда фойда қилади. Бунинг учун 300 г мавракни олиб, устига 8-10 литр қайноқ сув қуйилади ва ярим соат оғзи ёпиқ ҳолда дамлаб қўйилади. Кейин ваннага олдин совуқ сув, кейин иссиқ сув қуйиб, устига сузилган қайнатма қуйилади. Фалаж, титроқ дардига учраган беморларга фойда қилади.
  • Майдаланган наъматак илдизидан икки ҳовуч олиб, устига бир литр ароқ қуйиб, икки ҳафта қоронғи иссиқ жойда сақланади. Вақти-вақти билан аралаштириб турилади. Сузиб олиб, ажратмани кечқурун оғриган фалаж оёқларга ишқалаб суртиб, иссиқ қилиб ўраб қўйилади.
  • Зайтун мойига озроқ олабута кулини қўшиб, оғриган жойларга кунига уч маҳал суртилса, фалажга фойда қилади.
  • Кунига уч маҳал бир г дан мумиё истеъмол қилиб, устидан илиқ сут ичилса, фалажга ва юз қийшайишига даво бўлади.
  • 100 г дан қирқбўғин, газанда, бўзноч, ялпиз ва тоғрайҳондан олинади ва аралаштирилади. Шундан уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устидан уч стакан қайноқ сув қуйиб қўйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 150 г дан ичилади.
  • 100 г кийикўти устига бир литр ароқ қуйиб, ўн кун қоронғи ва иссиқ жойда жигарранг шишада сақланади. Вақти-вақти билан аралаштириб турилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичилади ва кечқурун оғриган жойларга қўйиб, яхшилаб иссиқ қилиб ўралади.
  • 100 г лавр баргини майдалаб, устига ярим литр кунгабоқар ёғи қуйилади ва ўн кун қоронғи иссиқ жойда сақланади. Вақти-вақти билан аралаштирилади. Сузиб олиб, оғриган жойларга суртилади ва яхшилаб иссиқ қилиб ўраб қўйилади.