ШАМОЛЛАШ

Шамоллаш кўпинча қувватсиз, витаминлар етишмайдиган, камқон одамларда учрайди. Юрак фаолияти, жигар, талоқ, қон айланиши яхши бўлмаган инсонларга ҳам ҳар хил вирусли шамоллаш тез юқади. Бунда айниқса, қувватсиз болаларга алоҳида эътибор бериш, шамоллашга қарши эмлатиш, ҳар хил витаминга бой овқатлар, кўкатлар истеъмол қилдириш керак. Шамоллашни ўз вақтида олди олиниб даволатилмаса, асорати ёмон бўлиши мумкин.

Табобат муолажаларидан:

  • Қизил турп барги, қизил лавлаги барги, ловиянинг кўк барги, икки дона апельсин, икки дона помидор, уч дона булғор қалампири, уч боғлам кўкпиёз, икки боғчалам шивит, петрушка, саримсоқпиёз – ҳаммасини тўғраб қўй ёғи билан қовурилади. Устига юқоридаги сабзавот-кўкатларни солиб, паст оловда бир соат димлаб қўйилади. Таъбга кўра истеъмол қилиб турилса, шамоллашга қарши яхши чора ҳисобланади.
  • Бир ош қошиқдан кийикўти ва доривор валериана илдизидан, икки ош қошиқдан ялпиз ва далачой олинади ва унга 250 г қора чой қўшилади. Бир чой қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, дамлаб қўйилади. Кунига 6-8 стакан чойдан шамоллашда ичилади.
  • Уч қисмдан ўсимлик мойи ва сабзи шарбатидан ҳамда бир қисмдан саримсоқ шарбати олинади. Шу қоришмадан бурунга 3-5 томчидан томизилади. Сабзи шарбати ва ўсимлик мойига тенг миқдорда пиёз шарбати қўшиб аралаштириб, кунига бир неча бор бурунга томизилади.
  • 75 г жўка гулидан, 100 г себаргадан олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 150 г дан ичилади.
  • Тенг миқдорда бўймодарон гулсаватчалари ва настарин гулларидан олиб, унга озроқ дастарбош саватчаларидан қўшилади. Икки чой қошиқ аралашмага бир стакан қайноқ сув қуйиб, 3-4 соат оғзи ёпиқ ҳолда дамлаб қўйилади. Ҳар куни оч қоринга чорак стакандан ичилади.
  • Қоқиўтнинг ҳамма қисми: барги, пояси, гули, илдизи шамоллашга қарши таъсир этади, терлатади, иситмани туширади. Қуритиб майдаланган ўтидан бир чой қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ўраб ярим соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига 4-6 маҳал овқатдан бир соат кейин бир ош қошиқдан ичилади.
  • Пайпоқ ичига хантал толқонидан сепиб бир неча соат юрилади. Ётганда ҳам ечмасдан қолдириш мумкин. Бу шамоллашда қадимий синалган восита. Хантал ваннаси ҳам яхши фойда қилади.
  • Бир ош қошиқ шувоқ ўти устига ярим л ароқ қуйиб, уч кун қўйилади. Ўткир шамоллашда ва ўткир йўталда кунига уч маҳал ва ухлашдан олдин бир ош қошиқдан ичилади.
  • Бир ош қошиқ отқулоқ ўсимлиги устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир оз дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, ярим стакандан кунига 3-4 маҳал ичилади.
  • Уч ош қошиқ қизилтасма ўти устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, иссиқ ҳолда 1/2 стакандан овқатдан олдин ичилади.
  • 100 г дан оддий бодрезак ва малина меваси олинади ва уч ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига уч стакан қайноқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйилади. Кун давомида сузмадан ичилади.