ШИШЛАР

Шишлар асосан танада юз беради. Суюқлик кўпайганда, буйракда, сийдик йўлига туз йиғилганда, қон қуюқлашганда, юрак девори қалинлашганда қўл-оёқлар шишиб кетади. Шунингдек, балғам кўпайиб кетиши оқибатида юракка зўр келганда ҳам шиш пайдо бўлади. Ҳар қандай шиш ўз вақтида даволанмаса, саратон касаллигига айланиб кетиши мумкин.

Табобат муолажаларидан:

  • Рўян илдизи, сано уруғи, занжабил меваси, қора ҳалила, сариқ ҳалила, бўйимодарон, маккажўхори попуги, газанда – буларнинг ҳаммасидан бир хил миқдорда олиб майдаланади ва аралаштириб, бир ярим литр қайноқ сувга бир ош қошиқ солиб, бир литр қолгунча паст оловда қайнатилади. Докадан сузиб, ҳар икки соатда 100 г дан ичилса, шифо бўлади.
  • Ярим литр спирт ёки ароққа қайин куртагидан 15 г солинади. Кунига 2-3 маҳал 15-20 томчидан сув билан ичилади.
  • Тенг миқдорда толокнянка барги, ширинмия илдизи ва бўтакўз гулидан олиб, бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 20 дақиқа дамлаб қўйилади. Совитиб сузиб олинади. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичилади.
  • Ҳўл укроп ўтидан ярим стакан олиб, устига беш стакан сув қуйиб, паст оловда бир оз қайнатилади. Кунига уч маҳал ярим стакандан шишларда ичилади.
  • Бир чой қошиқ бўтакўз гули устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат оғзи ёпиқ идишда дамлаб қўйилади. Кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда маржон дарахт гули, газанда ўти ва қайиндан олиб, майдалаб аралаштирилади. Ундан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ўн дақиқа қайнатиб, бир соат дамлаб қўйилади. Эрталаб наҳорда нонушта олдидан бир стакан ичилади.
  • Майдаланган оғма саллагул илдизидан ярим чой қошиғи устига бир стакан сув қуйиб, паст оловда ўн дақиқа қайнатилади. Бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичилади.
  • Бир ош қошиқ маржон дарахт барги устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, беш дақиқа паст оловда қайнатиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал бир ош қошиқдан, пешоб ҳайдовчи восита сифатида истеъмол қилинади.
  • Ибн Сино шиллиқли шишлар, қонталаш ва кўкарган жойларга тоғ райҳон уруғини асал билан қўшиб суртишни тавсия этган.