ШОЛҒОМ

Шолғом серхосият неъматдир. У инсонни ғам-ғуссадан фориғ бўлишига ёрдам беради. Шолғом таркибида 1,75% азот моддалари, 0,75% минерал тузлар, 0,37-0,39% пентазонлар, В,1 В2, РР витаминлари, каротин, ўткир юмшатувчи моддалар бор.

Шолғом кўзларга қувват беради. Хоми ҳам, пишгани ҳам, суви ҳам организм учун жуда фойдалидир.

Табобат муолажаларидан:

  • Шолғомни қирғичдан ўтказиб, бир пиёласини бир литр сутга солинади. Унга бир чой қошиқча майдаланган зира кукуни солиб, ярим литр қолгунча қайнатилади. Уч маҳал овқатдан олдин, бир маҳал овқатдан кейин бир пиёладан ичилса, сурункали йўтални тўхтатиб, балғамни кўчиради. Кўз нурини кўпайтириб, иштаҳани очади.
  • Шолғомни сариёғда ун билан қовуриб, устига сув қуйилади ва паст оловда атала қилинади. Кунига уч маҳал ичиб турилса, изтиробли йўтал, сурункали ларингит, овоз бўғилишига даво бўлади.
  • Ўртасини ўйиб, қўй ёғи ва думбасидан солиб, қўрга кўмиб пиширилгани тери касалликларини даволашда ёрдам беради.
  • Ичини ўйиб гўшт, пиёз, майда туйилган ёнғоқдан аралаштириб солиб, манти қозонда пишириб ейилса, қувватни оширади, ҳолсизликка яхши даво бўлади.
  • Шолғомни тўрт бўлакка бўлиб, қўй ёғида қовуриб ейилса, ошқозондаги дамни ҳайдайди, қувватни кўпайтиришга ёрдам беради.
  • Кўпчилик шолғомнинг аччиғини ҳам, чучигини ҳам истеъмол қила олмайди. Шолғомни қайноқ сувда икки дақиқа қайнатиб олинади. Қўй гўшти, ёғи, майдаланган пиёз, туз, зирани аралаштириб, ичи ўйиб олинган жойга солиб, духовкада пастроқ оловда пиширилса, эрлик қувватини оширувчи таом бўлади.
  • Олти дона шолғомни қирғичдан ўтказиб, унга тўрт ош қошиқ асал қўшиб бир литр сутга солинади ва паст оловда 750 г қолгунча қайнатилади. Уч маҳал овқатдан бир соат олдин, бир маҳал кейин ичилса, нафас йўлидаги балғамни тозалайди.
  • 300 г гўшт гўштқиймалагичдан ўтказилади ва кунгабоқар мойида сели кетгунча қовурилади. Кейин тўрт дона тўғралган пиёзни солиб қовурилади. Аралаштириб, устига олти дона қирғичдан ўтказилган шолғомни солиб, қозоннинг оғзи ёпиб, ярим соат паст оловда милтиллатиб қўйилади. Шу тариқа тайёрлаб ейилса, қон айланишига яхши даво бўлади.
  • Бир нечта шолғомнинг ичини ўйиб, унга қуйидаги масаллиқлар солишга тайёрлаб қўйилади. Гўштни қиймалагичдан ўтказиб, майда тўғралган пиёз, зира, туз қўшиб аралаштирилади ва тайёрлаб қўйилган шолғомлар ичига солиб тандирга ёпилади. Бу таом қувватни оширади, сурункали бош оғриғига фойда қилади.
  • Гўштли шўрвага шолғом солиб тайёрлаб, гармдори аралаштириб ичилса ва ўраниб ётилса, шамоллашга шифо бўлади.
  • Шолғомнинг каттасини танлаб олиб, ичини ўйиб, унга думба ёғини зира, мурч ва пиёз билан аралаштириб солиб, қозонда ёки пахта матога ўраб чўғ тагига кўмиб пишириб ейилса, қувват оширувчи энг яхши шифобахш таом бўлади.
  • Шолғом барги билан бирга қирғичдан ўтказилиб, ҳар хил кўкатлар, пиёз аралаштирилиб, юпқа қатламани ичига солиб духовка (газ печи)да пишириб ейилса, қонкамликка, бош айланишига фойдаси бор.
  • Шолғом баргидан қуймоқ тайёрлаш учун гўштмайдалагичдан баргни ўтказиб, бир пиёла шивит, бир боғ отқулоқ, тўрт дона тухум, ярим пиёла ун, таъбга кўра туз қўшиб, аралаштириб, 20 дақиқа кейин қуймоқ пишириб, эрталаб истеъмол қилинса, зеҳнни ўткирлаштиради.