ЭКЗЕМА

Бу касаллик тери аллергияси ёки сувли тошмалар дейилади. Уни ўт қопининг нотўғри ишлаши ёки кўзга кўринмас қуртлар келтириб чиқаради. Ошқозон ёки қоннинг бузилиши ҳам экземага сабаб бўлади. Экзема қуруқ ҳам, сувли ҳам бўлиши мумкин. Қизариб чиқаётган сувли доначалар йиринглаб, терида қон бузилиши, ҳар хил хилтлар пайдо бўлишига олиб келади. Терисида экзема ёки турли тошмалар тошадиган беморларга биринчи навбатда сурги дамламалар бериш керак. Ич қотиб қолса экземанинг тузалиши қийин бўлади. Касалликдан қутулиш учун ични ювиб, қуртлардан тозалаш лозим. Шунда қон тозаланиб теридаги тўсиқлар очилади. Бу касалликни ҳар хил дорилар ичиб даволаб бўлмайди. Шунинг учун тўғри ташхис қўйиб, халқ табобати йўли билан даволаш мақсадга мувофиқдир.

Табобат муолажаларидан:

  • Тенг миқдорда қоқиўт ва газанда ўтидан олинади ва уч ош қошиғини ярим литр қайноқ сувда дамлаб, бир кунда уч маҳал ичилади.
  • Икки ош қошиқ бўйимодарон гули устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, 40 дақиқа дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал икки ош қошиқдан ичилади. Экземанинг ҳамма турини даволашда оғриган жойлар ўткир бўйимодарон дамламаси билан 20-30 дақиқа буғланади.
  • 40 г дан оддий бодрезакнинг барги ва мевасидан, 10 г қора смородина баргидан олинади ва устига бир литр сув қуйиб, жароҳатланган жойларга малҳам тарзида қўйилади.
  • Бир ош қошиқдан эман пўстлоғи, тирноқгул, қирқбўғин, зангори маймунжон баргидан, атиргул гули мураббосидан олинади ва устига бир стакан совуқ сув қуйиб, 15 дақиқа қайнатилади. Бу йиғмадан тайёрланган қайнатма тери касаллигининг ҳамма турларини (экзема, қўтир, замбуруғ) даволашда ишлатилади. Докани қайнатмага шимдириб, жароҳатланган терига қўйилади, қуриши билан алмаштирилади.
  • Ёнғоқнинг шифобахшлик хусусиятига халқ табобатида алоҳида этибор берилганлигини унутмаслик лозим. Ёнғоқнинг яхши пишган мевалари ва барглари териб олиниб, салқинроқ жойда қуритилади. Унинг баргларида аскорбат кислотаси жуда кўп бўлиб, 3-4 % ни ташкил этади. Каротин миқдори ҳам шунча. Ёнғоқ мевасининг шираси экземадерматоз касаллигига шифо эканлиги аниқланган. Бу ширани олиш учун 10-15 дона ёнғоқ пўсти билан бирга, 300 г сувда 20 дақиқа қайнатилади. Тайёр бўлган қайнатма экземага суртилади.
  • 15 г ёнғоқ барги устига 100 мл зайтун, шафтоли ёки чаканда мойидан қуйилади ва етти кун иссиқ жойда сақланади. Уч соат сув ҳаммомида қайнатилгач, докадан икки қайта ўтказиб, яна ярим соат қайнатилади. Тайёрланган малҳам кунига икки маҳал экземага суртилади
  • Бир ош қошиқдан қоқиўт ва қариқиз илдизидан олинади. Устига уч стакан қайнатиб совитилган сув қуйиб, бир кеча қўйилади. Кунига уч маҳал 10 г дан ичилади.
  • Тирноқгул гулини майдалаб, бўтқа қилинади. Унга ерқалампир ёки турп шарбати ва бир чой қошиқ олма сиркаси қўшиб аралаштирилади. Оғриган жойга боғлаб қўйилса, оғриқ ва қичишга қарши ёрдам беради.
  • Экземани даволашда картошка шарбати яхши шифо бўлади. Бунинг учун хом картошкани ювиб, майда қирғичдан ўтказилади. Ярим стакан картошка бўтқасига бир чой қошиқ асал қўшиб қорилади. Қоришмани докага солиб, жароҳатланган терига бир см қалинликда қўйилади ва бинт билан икки соатга боғланади. Кечқурун ётиш олдидан жароҳатга асалари елимидан тайёрланган малҳам қўйилса, янада яхши бўлади. Эрталаб ва кундузи картошка билан асал қоришмаси қўйилади.
  • 30 дона наъматак мевасини озроқ буғлаб, ҳовончада эзиб, бўтқа қилинади. Устига 600 мл қайноқ сув қуйиб, икки соат дамлаб қўйилади. Истаган пайтда истеъмол қилиш мумкин.