ЭШИТИШ ҚОБИЛИЯТИНИНГ БУЗИЛИШИ

Эшитиш қобилияти бузилишига қулоқ пардаси шамоллаши, орқа мияда етишмовчик, қулоқ кирланиши, қулоқнинг сурункали йиринглаб юриши сабаб бўлади.

Табобат муолажаларидан:

  • Икки томчидан қизил пиёз суви томизилса, эшитиш яхшиланади. Шунингдек бодом, гул ёғи уч маҳал икки томчидан қулоққа томизилиб, ҳар уч кунда мойчечак дамламаси билан ювиб турилса ҳам эшитиш қобилияти яхши бўлади.
  • Уч ош қошиқ эритилган ғоз ёғини бир ош қошиқ пиёз шарбатига қўшиб, аралаштириб илиқ ҳолда қулоққа томизилади.
  • Чувалчангдан бир ош қошиғини шиша идишга солинади. Устига 100 г ғоз ёғидан солиб, идишни сув ҳаммомида паст оловда бир соат қўйилади. Оловдан олиб бир неча қатлам докадан ўтказиб, илиқ ҳолда қулоққа томизилади.
  • 100 г игир илдизини шиша идишга солиб, устига ярим литр ароқ қуйилади ва ўн кун қоронғи, иссиқ жойда сақланади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир чой қошиқдан ичилади.
  • Икки ош қошиқ будра ўтини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • 75 г оддий бодрезак пўстлоғидан, 100 г игир илдизи ва ялпиздан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал ярим стакандан ичилади.
  • Эшитиш шамоллаш натижасида пасайган бўлса, қулоққа 7-8 томчи бодом мойи томизилади.
  • Бир ош қошиқ эрмон ўтини кичкина чойнакка солиб, устига икки стакан сув қуйилади ва қайнаш даражасигача етгач, оғриган қулоқни шу эрмон буғига тутилади.
  • Асалари елимининг 10% ли спиртдаги экстрактини ўсимлик мойи билан 1-2 нисбатда яхшилаб аралаштириб, докани шимдириб, пиликча қилиб оғриган қулоққа тиқилади ва 24 соатга қолдирилади. Бу восита кексалик қулоқ оғриғига ёрдам беради.
  • Ҳар куни чорак лимонни пўсти билан истеъмол қилинса, эшитиш қобилияти яхшиланади.