ЮРАК КАСАЛЛИГИ

Юрак касаллиги асосан қон қуюқлиги, камлиги, бўқоқ, ангинадан, шунингдек, балғам туфайли юракка ҳавонинг қисилиб кириб-чиқишидан, аёллардаги климакс асоратидан пайдо бўлади. Овқатни еб дарҳол ётиш, танада суюқлик кўпайиб кетиши оқибатида юракка ҳаво етмай қолиши мумкин. Шунингдек, спиртли ичимликлар, иссиқ ҳаммомда буғда кўп ўтириш, совуқ сувга тушиш юрак ўйнашига олиб келади. Иссиқда томир кенгайиб, босим кўтарилади, совуқда эса аксинча, бу ҳам юрак касаллигини келтириб чиқаради.

Табобат муолажаларидан:

  • Тўрт қошиқ валериана, лимонўт, тўрт қошиқ наъматак кукуни, ўн қошиқ маккажўхори попуги, олти қошиқ долчин, беш қошиқ чойўти, етти қошиқ мингбарг, тўрт қошиқ лимон барги, олти қошиқ газанда, икки қошиқ занжабилни майдалаб ундек элакдан ўтказиб, бир пиёла новвотни кукун қилиб қўшиб аралаштириб, уч маҳал оч қоринга бир чой қошиқдан ва ётишдан олдин яна бир чой қошиқ ичилади. Парҳезга риоя қилиш, аччиқ, шўр, спиртли ичимликлар, хамирли таомларни истеъмол қилмаслик керак.
  • Арслонқуйруқ ўтидан тўрт ош қошиғи устига 0,5 л қайноқ сув қуйиб, беш дақиқа қайнатилади. Юрак қон-томир неврози, гипертония, стенокардия ва юрак иллати касаллигида кунига уч маҳал ярим стакандан ичилади.
  • 75 г дан суғурўт ва ялпиздан, 100 г сачратқи ўтидан олиб аралаштирилади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади. Юрак хасталигидан келиб чиққан тана шишларига қарши фойда қилади.
  • Бир қисмдан лимонўт ва валериана илдизидан, уч қисм бўймодарон ўтидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан совуқ сув қуйиб, уч соат қўйиб қўйилади. Кейин сув ҳаммомида 15 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал ярим стакандан ичилади. Юрак тез урганда, асаб таранглашганда, уйқусизликка фойда қилади.
  • Капалакгул гулидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб, кейин юрак оғриганда, юрак фаолиятини яхшилашда чой каби мунтазам ичилади.
  • Кашнич юракни баққуват қилади, хафаликни кетказади, айниқса иссиқ мижозли кишиларга даво. Кашнични майдалаб истеъмол қилиб юрган кишиларда юрак касали кам учрайди.
  • 75 г дан суғурўт ва дўлана гулидан, 100 г сарсабил илдизидан олинади ва икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйиб қўйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан юрак неврозида ичилади.
  • Майдаланган тирноқгул баргидан икки ош қошиқ олиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал ярим стакандан ичилса, юрак уриш мароми бузилганда фойда қилади.
  • 200 г анжир мевасига шунча миқдорда лимон қўшилади ва устига бир литр оқ вино ва 200 г асал қўшиб, ҳаммаси яхшилаб қорилади. Юрак мушаклари яллиғланганда кунига уч маҳал бир ош қошиқдан истеъмол қилинади.
  • Ибн Сино андизни юракка куч бағишловчи омил сифатида тавсия этган. Бунинг учун илдизидан 10 г олиб, устига бир литр сув қуйиб, 15 дақиқа сирли идишда қайнатиб ва ҳар куни чой каби ичишни тавсия этган.