ЎТ ПУФАГИ ЯЛЛИҒЛАНИШИ

Ўт пуфаги – ўт йиғиладиган аъзо бўлиб, жигарнинг пастки юзасидаги махсус чуқур-чада жойлашган. Ўт пуфаги нок шаклида бўлиб, узунлиги 10-14 см, эни 3,5-4 см атрофида. Ўт пуфагининг бўйин қисми ингичкалаша бориб, найга айланади. Бу най жигар дарвозасида ҳосил бўлган жигар ўт йўли билан бирлашиб, умумий ўт йўлини ҳосил қилади. Ўт йўлининг ўн икки бармоқли ичакка ўтиш ерида силлиқ мушакли қисқич бор, у ўт ва меъда ости бези шираси ичакка тушишини тартибга солиб туради. Ўт пуфаги касалликларидан ўт пуфаги яллиғланиши кўп учрайди. Холециститнинг келиб чиқиш сабаблари кўпинча ўт пуфагида тошлар мавжудлиги, микроб ва ўт пуфагидан ўт ҳайдалишининг бузилишидир. Вақтида овқат емаслик ёки ортиқча ейиш, кам ҳаракат қилиш, ич қотиш ҳам ўт пуфаги яллиғланишига сабаб бўлади.

Яллиғланиш ўткир ва сурункали бўлиши мумкин. Ўткир холецистит тўсатдан бошланиши мумкин. Асосий аломатларидан бири – ўнг биқинда, қовурға остида оғриқ пайдо бўлиб, ўнг кўкракка беради. Бунда ҳарорат бир неча кун 39-40 даражада туради, кейин секин туша бошлайди. Ўткир яллиғланишда сарғайма пайдо бўлиб, қорин шишади, кўнгил айнийди, айрим ҳолларда қусиш мумкин, ич қотади, тил қурийди. Ўнг биқинни ушлаб кўрганда кучли оғриқ сезилади.

Сурункали холецистит ўткир холециститдан сўнг ривожланади. Бемор жигар атрофидаги оғриқдан нолийди. Оғриқ узоқ муддатга чўзилади. Сурункали яллиғланиш билан касалланган беморнинг овқат ҳазм қилиш аъзолари фаолиятининг бузилиши кузатилади.

Айрим пайтда ич қотиши ич кетиш билан алмашади, қориннинг юқори қисмида оғриқ сезилади, ошқозон ости безининг фаолияти бузилади. Тана ҳарорати кўпинча меъёрида бўлади, айрим пайтда озроқ кўтарилади, бемор асабийлашади, уйқусизликка чалинади. Касаллик тўсатдан пайдо бўлиб, секинлик билан ўтади, кейин тузалиш билан якунланади.

Табобат муолажаларидан:

  • Тенг миқдорда лимонўт, ялпиз барги, ғозпанжа ўти ва қончўп ўтидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига икки стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда маккажўхори попуги, далачой ўти ва ўлмасўт гулидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан иссиқ сув қуйиб, сув ҳаммомида ярим соат қайнатилади ва ўн дақиқа совитилади. Қайнатма миқдори бир стакангача бўлиши керак. Кунига уч маҳал овқатдан 20 дақиқа олдин 0,3 стакандан ичилади.
  • Беш қисм бўймодарон ўтидан, уч қисм ўлмасўтнинг гулсаватчасидан, икки қисм ровоч илдизидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кечқурун истеъмол қилинади.
  • Уч г мумиёни уч литр қайнатилган сувда эритилади ва кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин бир стакандан ичилади. Жами 6 г мумиё керак. Даволаниш муддати – ўн кун, сўнг беш кун танаффус қилинади. Муолажа 3-4 марта такрорланади. Даволаниш даврида ва ундан сўнг 15 кун парҳез қилиш зарур.
  • Оққайин куртакларидан бир ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан сурункали холецистит ва жигар қуртига қарши ичилади.
  • Ўн г қулмоқ ғуддасидан, шувоқ ўти ҳамда 20 г доривор валериана илдизидан, 30 г далачой ўтидан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига 2-3 маҳал овқатдан ярим соат олдин бир стакандан ичилади.
  • Тенг миқдорда турп шарбати ва асал олиб аралаштирилади. Шу қоришмадан 1/10 л дан ярим л гача истеъмол қилинади. Бу ўт пуфагида тош пайдо бўлишининг олдини олишдан ташқари, уларни тез чиқаришга ҳам имкон беради.
  • Тенг миқдорда рута ва қоқиўт илдизлари, тиллабош ва қончўп ўтларидан олинади. Шундан 5 г устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал ярим стакандан ичилади.
  • Каттақончўп ва ғозпанжа ўтлари, лимонўт ва ялпиз барги олиб аралаштирилади. Шу йиғмадан бир ош қошиғи устига бир стакан сув қуйиб, 7-10 дақиқа қайнатилади. Сузиб олиб, кунига 1-2 стакандан ичилади.
  • Икки чой қошиқ бўйимодарон ўти устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб олиб, кунига тўрт маҳал чорак стакандан ичилади.