ҒАМДАН ОРТТИРИЛГАН КАСАЛЛИКЛАР

Ғамдан орттирилган касалликларга орқа мияга кучли таъсир кўрсатиб, ўзини билмаслик, кўп хаёл суришлик, тутқаноқ, юрак тез уриши, ҳар хил ўсмалар туфайли орттирилган касалликлар киради. Унга ҳаёти нотинч, кўп ғам чекадиганлар тез дучор бўлишади. Бу касалликка чалинганлар ҳаётий ташвишлардан узоқлашиб, ҳаво алмаштиришлари, кўпроқ табиат қўйнида бўлишлари, яхши кўрган кишилари билан суҳбат қуришлари, ғамни ортга ташлаб, ҳар хил куй-қўшиқлар эшитишлари лозим. Кўпроқ қадимий зиёратгоҳларга боришлари керак. Руҳиятининг кўтарилиши билан бу касалликдан халос бўладилар.

Табобат муолажаларидан:

  • Лимонўт, исириқ илдизи билан гули, валериана илидизи, кийикўти, боқила мевасидан бир хил миқдорда олиб, аралаштириб, майдалаб элакдан ўтказиб, уч маҳал овқатдан бир соат олдин бир чой қошиқдан ичилади. Қайноқ сув билан бир маҳал ётишдан олдин ичилса, руҳиятни кўтаради.
  • Икки ош қошиқ дўлана гулини кечқурун термосга солиб, устига икки стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб, унга бир ош қошиқ асал қўшилади ва тўртга бўлиб, овқатдан ярим соат олдин истеъмол қилинади.
  • Аччиқ шувоқ илдизини майдалаб, устига сув қуйилади ва икки соат қўйилади. Кейин ўн дақиқа қайнатиб, сузиб олинади. Кечқурун ётиш олдидан ваннага (суви 36-37 °С бўлиши керак) қайнатмани солиб, невроз касалида ванна қабул қилинади.
  • 200 г қора майиздан, 300 г ёнғоқ мағзидан олинади ва гўштқиймалагичдан икки марта ўтказилади. Кунига уч маҳал бир чой қошиғига 50 г сариёғ қўшиб, 18 кун истеъмол қилинади.
  • 50 г рута ўтидан, 100 г доривор валериана илдизидан олинади ва шу йиғмадан кечқурун термосга солиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб, кунига бир ош қошиқ асал қўшган ҳолда тўрт қисмга бўлиб, овқатдан ярим соат олдин ичилади.
  • 50 г дан арслонқуйруқ ва доривор валерианадан олиб аралаштирилади ва бир ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин 50 г дан ичилади.
  • 50 г суғурўтдан олиб, устига ярим литр ароқ қуйилади, ўн кун қоронғи ва иссиқ жойда сақланади. Вақти-вақти билан силкитиб турилади. Сузиб олиб, кунига уч маҳал 15 томчидан истеъмол қилинади. Асаблар таранглашганда айниқса фойда қилади.
  • Олмали чой аъзоларни мустаҳкамлайди, иштаҳа қўзғатади, кишини бардам қилади, кайфиятни кўтаради.
  • Бир чой қошиқ бўтакўз гулидан олиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва бир соат дамлаб қўйилади. Сузиб, кунига уч маҳал овқатдан олдин чорак стакандан ичилади.
  • Ярим ош қошиқ иттиканак ўтини кечқурун термосга солиб, устига 150 г қайноқ сув қуйилади. Эрталаб сузиб олгач, кунига уч маҳал овқатдан ярим соат олдин 50 г дан ичилади.