ҚИЗИМ - МОҲИМТОБОНИМ

  • Оқликда ҳикмат кўп - оппоқ йўргакда,
  • Ширин табассуминг кўрган эдим рост.
  • Ёлғончи дунёда адашма, қизим
  • -Дунёнинг жодуси бир ўйин, холос.
  • Асл бойлик бўлар кўнгил бойлиги,
  • Аллоҳ назарига лойиқдир ғариб.
  • Пулнинг ишвасига бўлма сен асир,
  • Ҳаёт завқини топ - илм ахтариб.
  • Фалакни ёритгай иймон гавҳари,
  • Қуёш ва юлдузлар бўлгандир таслим.
  • Ҳар бир имосига маҳталдир Ой ҳам,
  • Ишонсанг мазмунин фош этар тилсим.
  • Бахтингни кўрайлик - сенга оқ либос
  • Беғубор тонгларни айлагай инъом.
  • Сенга ҳамроҳ бўлсин ҳамиша шодлик,
  • Ширин кулгуларинг бўлгай бардавом.