ҚОНГА ЖАБР ҚИЛМА

  • Танани чулғаган унсур бегумон,
  • Жами томирларда оқаётган қон.
  • Қоннинг ўзи недир? Недан бунёд у?
  • Қон - инсон вужудини эгаллаган сув.
  • Унинг тиниши бор, бордир мавжлари,
  • Сустроқ оқиши-ю нурли авжлари.
  • Буларга боисдир кўз ҳамда қулоқ,
  • Турфа сезгилару хусусан, димоқ.
  • Ширин сўз эшитсанг, билки, муқаррар,
  • Қон тиниқ тортгайдир, гўёки ёнар.
  • Бир гўзал борлиққа ташласанг нигоҳ,
  • Кўзларинг қувончдан чарақлайди, оҳ!
  • Гуллар ифорига димоғинг қондир,
  • Димоқ ғуборини ўтларга ёндир.
  • Сен тўйиб ҳидлагин гиёҳ исини,
  • Хис эт табиатнинг шўх кулгисини.
  • Буларнинг аксига сен бўлсанг асир,
  • Ҳеч бир дори-дармон этмас, бил, таъсир.
  • Ҳамиша ўзишта қиларсан зулм,
  • Золимга ҳожат йўқ, сен ўзинг золим.
  • Ўзингсан, тушунгин, ўзнинг душмани,
  • Яшашдан топарсан қандоқ бир маъни?!
  • Ўзини севмагай шундай бир одам,
  • Қани сенинг сабринг? Қани ирода?!
  • Аллоҳга таваккал қилсанг бўлмасми,
  • Муҳаббат завқидан кўнгил тўлмасми?
  • Бошқадан ранжима, сенсан ношукур,
  • Миянгни заҳарлаб кетгувси фикр.
  • Пайт пойлаб хасталик қиларкан ҳужум,
  • Мағлубият ҳисси чулғагай шу зум.
  • Қонга жабр қилма, эй ночор банда,
  • Кулфатга не ҳожат шодлик турганда?
  • Такдиринг қўлингда: син сол яхшироқ,
  • Кўнгилдан шубҳани қувгин сен йироқ.
  • Яша бу дунёда болакай каби,
  • Оддий бир сабабга бўлмай асабий.
  • Фалсафа бобида гапирдим нуқул,
  • Кўнгил чаман бўлсин, чеҳранг эса гул!