ҲИҚИЧОҚ ТУТИШИ

Қорин дам бўлганда ошқозонда, ичакларда қуруқлашиш юз бериб, ошқозон ости безининг нотўғри ишлаши ҳазм органини бузиб, витаминлар етишмаслигига олиб келади. Булар айни вақтда ҳиқичоқни келтириб чиқаради. Ҳиқичоқни даволаш учун ошқозон-ичакларни ювдириб, 4-5 кун очлик эълон қилиб, ҳар уч ойда такрорлаб турилса, ҳиқичоқ бўлмайди.

Табобат муолажаларидан:

  • * Ҳуқна (клизма)га мойчечак сувини ишлатиш керак. Бир ярим литр қайноқ сувга уч қошиқ мойчечак гулини солиб, устини икки соат ўраб қўйилади, кейин докадан ўтказиб ҳуқна қилинади.
  • Мойчечак, сано, арпабодиён, газанда, игир илдизи – ҳаммасидан майдалаб чой шаклига келтирилгач, ундан бир литр қайнаган сувга бир қошиқ солиб, икки соат усти ўраб қўйилади. Кейин ҳар икки соатда 100 г дан ичилади. Ушбу дориларнинг инсон ҳаётига умуман зарари йўқ.
  • Ҳиқичоқ сабаби меъда шираси ошиб кетганидан бўлса, бемор қусиб, кейин иссиқ сув ичиши, сариёғ ёки бодом мойини ютиши керак.
  • Ёввойи наъматак мевасидан бир ош қошиғи устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, ярим соат дамлаб қўйилади. Кейин шу дамламадан кунига уч маҳал овқатдан олдин ичилади. Бу муолажани Ибн Сино тавсия этган.
  • Ибн Сино ҳиқичоқ тутиши меъда ортиқча тўлганидан бўлса, беморни қусишга мажбур қилиб, кейин бир пиёла эрмон шарбатини ичирган. Ҳиқичоқ сабаби қуруқлик бўлса, беморга кўпроқ янги соғилган сут ва бодом ёки ошқовоқ мойи аралаштирилган шарбатларни тавсия этган. Ундан кейин арпа суви, ошқовоқ ва бодринг шарбати ичирган. Ҳиқичоқ меъда совуқлигидан келиб чиққан бўлса, беморга рута ва чой содасига шароб аралаштириб беришни тавсия этган.
  • Тоғрайҳон мойидан олиб томоққа суртилади ва 2-3 томчидан кунига уч маҳал истеъмол қилинади.
  • Оққайин баргларидан икки ош қошиғини кечқурун термосга солиб, устидан икки стакан қайноқ сув қуйилади ва дамлаб қўйилади. Эрталаб сузиб олиб, кунига тўрт маҳал овқатдан ярим соат олдин ярим стакандан ичилади.
  • Ибн Сино айтишича, ялпиз қиздирувчи ва буриштирувчи кучга эга бўлиб, меъдани мустаҳкамлайди, ҳиқичоқни тўхтатади, овқатнинг ҳазм бўлишига ёрдам беради, юракни бақувват қилади. Бир чой қошиқ ялпиз ва бир чимдим қора чойдан олиб, устига бир стакан қайноқ сув қуйилади ва ярим соат дамлаб қўйилади. Кейин чой каби ичилади.
  • 50 г кийикўтидан олиб, жигарранг шиша идишга солинади. Устига ярим литр кучли оқ вино қуйиб, ўн кун қоронғи ва илиқ жойда сақланади, вақти-вақти билан чайқатиб турилади. Сузиб олиб, кунига 3-4 маҳал бир ош қошиқдан истеъмол қилинади.
  • Икки ош қошиқ дафна устига бир стакан қайноқ сув қуйиб, бир соат дамлаб қўйилади. Кейин ҳар ярим соатда 10-15 томчидан ичилади.