БЕҲИНИНГ ШИФОБАХШЛИГИ

Беҳи ҳам ғам-андуҳни кетказади, қалбни пок, қўрқоқни ботир қилади, юрак ва меъдага қувват бахш этади, шаҳватни қўзғатади, қайт ва қон кетишининг олдини олади, пешобни ҳайдайди, чанқоқ, оғиз қурушига даво бўлади. Данагининг қайнатмаси йўталга, ични юмшатишга даво бўлади.

Ҳомиладор аёллар ҳомиладорликнинг 3-4 ойлигида овқатдан ярим соат кейин беҳи истеъмол қилсалар, фарзанди чиройли, хушсурат бўлиб туғилади, деганлар пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Беҳи таркибида 12% қанд, 4% органик кислота, олма, узум, лимон кислоталари, эфир мойи, ошловчи моддалар, витамин С, темир, мис, кальций тузлари бор. Уруғида 20% ча шиллиқ глюкозалар, 7% мой, фойдали озуқалар мавжуд.

Табобат муолажаларидан:

  • Беҳи мевасидан қайнатма шўрва тайёрлаш учун қўй гўшти, туз, сабзи, олча, беҳи солиб икки соат қайнатиб шўрва тайёрлаб ичилса, астма касалига, юрак соғлигига даводир.
  • Беҳининг ичини тозалаб, унга асал, майиз, бодом мағзи ва қиймагўшт солиб, духовка (газ печка)да пишириб ейилса, дармонсизликка фойдалидир.
  • Бир кг беҳини гўштмайдалагичдан ўтказиб, икки литр сув, ярим литр асал қўшиб ҳар куни наҳорда 50 г дан ичиб турилса, меъдани кучайтиради, балғамни, қусишни тўхтатади.
  • Беҳидан сиқиб олинган суви астмага фойдалидир, қон туфлашни тўхтатади.
  • Беҳининг ичини тозалаб, унга гўшт, қўй ёғи, пиёз солиб, газ печида пишириб ейилса, юракни бақувват қилади, қонни тозалайди.
  • Ёнғоқ, бодом ва қиймагўштга новвот кукунидан қўшиб аралаштирилади ва шулар уруғидан тозаланган беҳи ичига тўлдирилиб, қоғозга ўраб ва қўрга кўмиб ейилса, совуқдан бўлган тана шишини қайтаради.
  • Асалли беҳи мураббоси еб турилса, камқувватликдан бўлган терлашга фойдалидир.
  • Майда тўғралган қўй гўштини бир кг пиёз билан зайтун ёғида яхшилаб қовуриб, олти дона беҳини тўғраб устига солинади ва ўн дақиқадан кейин бир пиёла қайноқ сув қуйилади. Паст оловда икки соат пиширилади. Буйрак касаллигига шифо бўлади.
  • Овқат егандан кейин орқасидан тезда беҳи ейилса, овқатни тез ҳазм қилдиради. Бирон соатдан кейин хомлигида ейилса, ични юмшатади.
  • Беҳининг ёш новдаси ва баргини салқин жойда қуритиб, майдалаб қўйиб, ҳар қандай кучли овқатга икки ош қошиқдан солиб ейилса, қон босимига, қанд касаллигига фойдалидир.
  • Беҳининг уч донасини қирғичдан ўтказиб, беш дона ўртача пиёзни майда тўғраб, қўй ёғини ҳам майда тўғраб, зира, туз қўшиб аралаштириб сомса пишириб ейилса, юрак ўйнашига фойдалидир.
  • Ўртача уч дона беҳини қирғичдан ўтказиб, бир қошиқ ун билан сариёғда қовуриб, устига майдаланган бодомдан икки ош қошиқ қўшиб қовуриб, кейин ярим литр сув, ярим литр сут ва икки ош қошиқ шакар солиб, паст оловда қайнатиб истеъмол қилинса, қувватсизликка, семиришга даво бўлади.
  • Беҳидан қилинган қовурма манти. Беҳи кубик шаклида тўғралиб, пиёз, думба ёғи майдалаб беҳига аралаштирилади ва манти тугилади. Ёғда қовурилиб, кейин қосқонда димланади. Тез ҳазм бўлади. Қувватни кўпайтиради.